Нега айрим фермерлар қорамолларга зебраникидек чизиқлар туширмоқда?

Ижтимоий тармоқларда ўзбек фермерлари қорамолларнинг танасига зебраникидек оқ-қора чизиқлар туширилаётгани акс этган видеолар тарқалмоқда. Бу усул чорва молларини чақувчи ҳашаротлардан ҳимоя қилишга ёрдам бериши мумкин.
Бундай усул биринчи навбатда Японияда ўтказилган илмий тадқиқотларда синаб кўрилган. 2019 йилда PLOS ONE журналида чоп этилган тадқиқотда япон олимлари қорамолларнинг танасига зебрага ўхшаш оқ-қора чизиқлар туширган. Олти бош япон қора зотига мансуб қорамол иштирок этган тажрибада чизиқ туширилган ҳайвонларга қўнадиган чақувчи пашшалар сони чизиқсиз қорамолларга нисбатан қарийб 50 фоизга камайган.
Олимлар шунингдек, чизиқ туширилган қорамоллар пашшаларни ҳайдаш учун бошини силкитиш, думини ўйнатиш ва оёғини тепиш каби ҳаракатларни ҳам камроқ қилганини кузатган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, зебрага хос чизиқлар пашшаларнинг ҳайвон танасига қўнишини қийинлаштириши мумкин.
Ушбу ғоя кейинчалик Япониянинг айрим ҳудудларида амалиётда ҳам қўллана бошлаган. 2024 йилда Ямагата префектурасида фермерлар қорамолларга оқ-қора чизиқлар тушириб, уларни қон сўрувчи ҳашаротлардан ҳимоя қилишга урингани хабар қилинган.
Шу боис ижтимоий тармоқларда тарқалаётган Ўзбекистондаги видеоларни ҳам шу усул билан боғлаш мумкин.






























Изоҳлар 0
…