Хоразмда бронза даврига оид 19 та яшиксимон қабр топилди

Хоразм вилояти Тупроққалъа туманида илгари номаълум бўлган қадимий қабристон аниқланди. Топилма Хоразм Маъмун академияси археологик экспедициясининг дала тадқиқотлари давомида қайд этилган. Бу ҳақда Хоразм Маъмун академияси хабар берди.
Ёдгорликда тошлардан қурилган 19 та яшиксимон қабр аниқланган. Қабрлардан айримларида марҳумлар ғужанак ҳолатда дафн этилгани кузатилган. Шунингдек, қазишмалар вақтида дафн анжомлари, жумладан, бронза буюмлар ва мунчоқлар топилган.
Мутахассисларнинг дастлабки таҳлилига кўра, ёдгорлик бронза даврига мансуб бўлиши мумкин. Дафн маросими ва айрим топилмалар Жанубий Қозоғистоннинг Сирдарё ҳавзасида аниқланган қадимий дафн иншоотлари билан муайян ўхшашликларга эга.
Археологларнинг қайд этишича, бу ўхшашликлар бронза даврида Марказий Осиёнинг турли ҳудудларида яшаган аҳоли ўртасида маданий алоқалар ва ўхшаш анъаналар бўлганидан далолат бериши мумкин. Бироқ ёдгорликнинг аниқ ёши ва маданий мансублиги бўйича якуний хулоса ҳали берилмаган.
Ҳозирда мутахассислар топилган қабрлар, инсон қолдиқлари ва дафн анжомларини ўрганмоқда. Келгусида лаборатория тадқиқотлари ҳам ўтказилиб, ёдгорликнинг аниқ санаси ва Хоразм тарихидаги ўрни аниқлаштирилади.































Изоҳлар 0
…