20:17 / 11.08.2024
22

Трамп сайловолди штаби ҳакерлар ҳужумига учради ва бунда Эронни айблади

Трамп сайловолди штаби ҳакерлар ҳужумига учради ва бунда Эронни айблади
Фото: Reuters
Доналд Трампнинг сайловолди штаб-квартираси президентлик кампаниясининг ички коммуникациялари бузиб кирилганини маълум қилди ва ҳакерлик ҳужумида Эронни айблади. Бу ҳақда Reuters ёзди.

Politico нашри июл ойи охирида аноним аккаунтдан электрон почта хабарларини олаётгани, унда ўзини Роберт деб таништирган шахс Трампнинг сайловолди ташвиқоти ҳужжатларини тақдим этгани, улардан бирида вице-президентликка номзод Жей Ди Вэнснинг «эҳтимолий заифликлари» ҳақидаги маълумотлар борлигини ёзган эди. 271 варақдан иборат ҳужжат Вэнс бўйича очиқ маълумотларга асосланган батафсил ҳисобот бўлган. Шундан сўнг, Трамп штаби электрон почта ҳакерлар томонидан бузилганини эълон қилди.

Сайлов кампанияси матбуот котиби Стивен Чунг сўзларига кўра, ҳужжатлар сайловга аралашиш ва бутун демократик жараённи бузиш ниятида бўлган «АҚШга душман хорижий манбалардан» ноқонуний равишда олинган. Трамп кампанияси Microsoft корпорацияси тадқиқотчиларидан Эрон ҳукуматига алоқадор ҳакерлар июн ойида президентлик кампаниясининг «юқори мартабали» аъзоси аккаунтини бузишга урингани ҳақида ҳисобот олган.

Трамп ўзининг Truth ижтимоий тармоғида сайловолди ташвиқоти сайтларидан бири Эрон ҳукумати томонидан бузиб кирилгани ҳақида Microsoft корпорациясидан хабар олганини ёзди.

«Улар [Эрон] фақат оммага очиқ маълумотларни қўлга киритишга муваффақ бўлишди, лекин улар бундай иш қилмаслиги керак. Эрон ва қолганлар ҳеч нарсадан тўхтамайди, чунки ҳукуматимиз заиф ва самарасиз, лекин бу узоққа бормайди», деб ёзди Трамп.

Microsoft вакили бу масала бўйича қўшимча маълумот беришдан бош тортган. Эроннинг Ню-Йоркдаги БМТ доимий ваколатхонаси Reuters агентлигига АҚШ президентлик сайловига аралашиш нияти ва мақсади йўқлигини айтган.

Эрон 2020 йил январида Трамп президент бўлган пайтда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилгани учун қасос олиш билан бир неча бор таҳдид қилган. Трамп Сулаймонийни минглаб америкаликларнинг ўлими учун жавобгар деб ҳисоблади ва генерал «анча йиллар олдин йўқ қилиниши керак эди» деди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп сайловолди штаби ҳакерлар ҳужумига учради ва бунда Эронни айблади