U.S State Department / Wikimedia Commons
Асли исми-шарифи Аҳмад Ҳусайн ал-Шаръа бўлган Абу Муҳаммад ал-Жўланий 2003 йилда кўнгиллилар сафида АҚШ босқинини қайтаришга ёрдам бериш учун Суриядан Ироққа йўл олади. У ҳарбий асирлар учун Америка лагерига тушиб қолади ва Сурияга фақат 2011 йилда қайтиб, ИШИД асосчиси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг эмиссарига айланади. Сурияга у «пул тўла сумкалар ва экстремистик ҳаракатни глобал миқёсга олиб чиқиш миссияси билан» келганди, дея ёзади The Wall Street Journal.
Аввалига ал-Жўланий Сурияда ташкил этган ИШИД филиали (ўша вақтда икки ташкилот ҳам «Ал-Қоида»га бўйсунган) ал-Бағдодий ўзини ИШИД халифаси деб эълон қилганидан кейин ироқлик сафдошлар билан алоқаларни узади. Кейин ал-Жўланий ал-Бағдодий билан ҳам алоқани узади ва унинг янги ташкилоти — «Ан-Нусра» фронти — «Ал-Қоида»нинг Суриядаги тармоғи бўлиб қолади.
2017 йилда ал-Жўланий раҳбарлик қилган гуруҳ номини «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом»га ўзгартириб, «Ал-Қоида» билан алоқалар узилганини эълон қилади. Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати институти катта илмий ходими ва ҲТШ ҳақидаги китоб муаллифи Аарон Зелиннинг сўзларига кўра, ал-Жўланийнинг ИШИД ва «Ал-Қоида»ни тарк этиши «мутлақо самимий» бўлган, ҲТШ шу тариқа глобал жиҳод мафкурасидан узоқлашган. АҚШ Давлат департаменти эса номини ўзгартириш ва «Ал-Қоида»дан ажралиб чиқишни сохталик, янги номни — «Ан-Нусра»нинг шунчаки бошқача номланиши деб ҳисоблайди.
Ал-Жўланий 2013 йилда АҚШда ўта хавфли террорчилар рўйхатига киритилган, ҲТШ террорчилик ташкилоти деб ҳисобланади. Қарийб 10 йил муқаддам Американинг душмани бўлишга интилмаслигини айтиб берган баёнотига қарамай, у ҳамон рўйхатда қолмоқда. Доналд Трамп маъмурияти 2020 йилда «Толибон» билан келишув тузганидан буён ал-Жўланий ва ҲТШ ўзидан террорчилик мақомини олиб ташлайдиган келишувга эришишга ҳаракат қилиб келади — аммо самарасиз.
«Ал-Қоида» билан алоқа узилганини эълон қилганидан кейин ал-Жўланий 2015 йилдан амалда Сурия шимолидаги Идлиб вилоятини тўлиқ назорат қилган ҲТШни «ислом ва миллатчилик аралашмаси» асосида қурилган, яхши интизомга эга кучга айлантирди, деб ёзади WSJ. Нашр қайд этишича, ҲТШ кучлари ўз курашини Асад оиласи ҳокимият тепасига келгунига қадар республикада амал қилган Сурия байроғи остида олиб боришни танлаган.
Халқаро инқироз гуруҳи катта маслаҳатчиси, Сурияда ал-Жўланий билан бир неча бор кўришган Дарин Халифа ҲТШ раҳбариятини «прагматик ва мафкурага берилмаган», гуруҳ раҳбарининг ўзини эса келишувчан ва режимга қарши курашдан бошқа кўплаб масалаларда муросага тайёр бўлган сиёсатчи деб атаган.
Яқин Шарқ оммавий ахборот воситалари тадқиқот институти вице-президенти ва АҚШ Давлат департаментининг терроризмга қарши коммуникациялар бўйича собиқ координатори Алберто Мигел Фернандеснинг айтишича, гуруҳда ҳамон экстремистик мафкура элементлари бор, «аммо улар аҳмоқ экстремистлар эмас, балки миллатчи экстремистлар». «Ал-Жўланий ўз оҳангини юмшатиши кераклигини билади — масалан, этник ва диний озчиликлар масаласида, чунки акс ҳолда бунинг учун Ғарбда унга таъна қилишлари мумкин», — дейди Фернандес.
WSJ билан гаплашган бошқа экспертлар эса, аксинча, ал-Жўланий «Ироқдаги суриялик майда жиҳодчи»дан «Сурия инқилоби етакчиси»га айланганига шубҳа билан қарашади. «Ҳа, у, катта эҳтимол билан, ёши ўтиб мўътадилроқ бўлган ва ўзининг радикал мафкурасидан қисман чекинган бўлиши мумкин. Аммо мен ўйлайманки, катта эҳтимол билан, у ҳақиқий истакларини пинҳон тутмоқда», — дейди Люмер Лион 2 университетининг Сурия бўйича мутахассиси Фабрис Баланш.
Ал-Жўланийнинг ўзи 2021 йил Идлибда Американинг PBS Frontline дастури учун берган интервюсида 2001 йил 11 сентябрда, Америкага «Ал-Қоида» томонидан қилинган ҳужумни ёки Ироқдаги АҚШ қўшинларига қарши курашни хотирлагани учун афсусланмаслигини билдирган. «Агар Америка келмаганида, [Ироқдаги] қаршилик ҳам бўлмасди. Ислом ёки араб дунёсида яшовчилардан кимдир [11 сентябр кунги ҳужумдан] хурсанд бўлмаганини айтса, алдаган бўлади. Аммо одамлар, шубҳасиз, бегуноҳ одамлар ўлимидан афсусланади», — деганди ал-Жўлоний.
Худди ўша интервюда ал-Жўланий ҲТШ минтақада ҳокимиятни ўз қўлига олмаётгани, балки бир киши билан чекланиб қолмайдиган Сурия инқилобининг бир қисми ҳисобланишини айтганди. У террорчилик мақомини «ҳеч қандай ҳақиқат ёки ишончга эга бўлмаган сиёсий ёрлиқ» деб атаган. «Бу инқилобдаги ўн йиллик йўлимиз давомида биз ғарбга ёки Европа жамиятига ҳеч қандай таҳдид туғдирмадик. <…> Биз бундай чоралар қабул қилган мамлакатларни бу инқилоб бўйича сиёсатини қайта кўриб чиқишга чақирамиз», — деган у.
Ҳозирда 42 ёшда бўлган ал-Жўланий ноябр ойи охирида Суриянинг иккинчи энг йирик шаҳри бўлмиш Ҳалаб марказини эгаллаган, Туркия томонидан қўлланаётган ва ҲТШ раҳбарлигидаги исёнчи кучларга бош қўмондонлик қилмоқда.
WSJ қайд этишича, ҳозирча Ҳалабда оммавий қотилликлар содир этилгани тўғрисида хабарлар келмаган, ҲТШ эса қуролланган курд жангариларига зарар етмасдан кетишига имкон бермоқда. Ҳалабда яшовчи христиан аёл аноним тарзда аввалига жангарилар «қўрқинчли» кўринишгани, аммо талончлик ҳолатлари рўй бермагани ва «барча улар яхши муомила кўрсатаётганидан шокка тушгани»ни айтиб берган.
ҲТШ назорати остидаги Идлибда яшовчи активист Муҳаммад Ойша Ҳалабдаги вазиятни «хаотик» деб атаган. Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Идлиб хавфсизроқ бўлганди ва минтақани назорат қилувчи гуруҳ ислом дини шариатига амал қилинишини қаттиқ талаб қилган ИШИД билан солиштирганда одамлар ҳаётига камроқ аралашган. Аммо унинг сўзларига кўра, аҳоли барибир ўзгаришлардан хавфсираб яшаган ва барчаси ҳозиргидек қолишига амин эмас.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҲТШни танқидий фикр билдирувчи фаоллар, журналистлар ва бошқа фуқароларни ўзбошимчалик билан ҳибсга олишда айблайди ва қўлга олинганларга нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлинганини таъкидлайди. Ал-Жўланий бу айбловларни рад этади.
Идлибда ал-Жўланий давлат қурилиши билан машғул бўлган
Ал-Жўланий турли йилларда. Фото: Al Jazeera видеосидан скриншот ва PBS Frontline видеосидан скриншот
Идлиб вилоятида 2020 йилга қадар давом этган тўқнашувлардан кейин у деярли тўлиғича ҲТШ назоратига ўтади. 2024 йил ноябрида Россия ва Сурия авиация кучлари ҳудудни ўққа тутишни тиклаши гуруҳнинг йирик юриши бошланишига олиб келди. Ҳудудда ташкил этилган коалиция ўзини «Ҳарбий амалиётлар қўмондонлиги» деб атамоқда. Коалициядаги асосий куч эса «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» жангчиларидир. Туркия ўз манфаатлари — жануби-шарқий чегаралари орқали қочқинларнинг янги оқими олдини олиш ушбу гуруҳларни қўлламоқда, дейди «Сурияликлар ҳақиқат ва адолат учун» ташкилоти тадқиқотчиси Алекс МакКивер.
Вашингтондаги Яқин Шарқ инститиути таҳлил маркази Сурия бўйича дастури директори Чарлз Листернинг фикрича, сўнгги йилларда ҲТШ глобал жиҳод ва халқаро терроризм ғояларини очиқчасига рад этиб, асосий эътиборни миллатчилик кун тартибига қаратиб, ўзини янада мўътадил куч сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Гуруҳ ўта консерватив диний қарашларга содиқ бўлса-да, унинг етакчилари ўз назоратидаги ҳудудларда шариат қонунларини жорий этиш ниятида эмаслигини айтишади.
Россиялик тадқиқотчи Кирилл Михайлов «Медиазона» билан суҳбатда ҲТШнинг ҳозирги раҳбари Абу Муҳаммад ал-Жўланийнинг муҳим ролига эътибор қаратган. У «Ал-Қоида» билан алоқаларни расман узиб, Идлиб вилоятида жиҳодчилар гуруҳи қолдиқларини сиқиб чиқарган ва давлат қуриш ишлари билан шуғуллана бошлаган.
«Яъни, у илгари Бен Ладеннинг нусхаси эди, кейин эса пиджак кийиб олди. Ва бир неча йил ичида у қандайдир бюрократияни ташкил этиб, этник-диний озчиликлар билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилиб, идлибликларнинг ҳаётини бирмунча яхшилади, яъни у чиндан ҳам халқаро даражада тан олинадиган "инсоний қиёфадаги жиҳодизм" қуришга ҳаракат қилди. У ўзининг кўп сонли интервюларида хатолик билан ҲТШни террорчилик ташкилоти деб ҳисоблашлари, Сурия инқилоби учун бу адолатсизлик эканини такрорлаган», — дея изоҳлайди Михайлов.
Тадқиқотчининг сўзларига кўра, Исроил-Ливан можароси чоғида Ливандан ўтган қочқинлар Асад назорати остидаги ҳудудларда эмас, балки Идлиб вилоятига келиб жойлашгани ҳам ал-Жўланий давлат қурилишида ютуқларга эришганидан далолат беради. «Чунки у ерда вазият нормал, у ерда яшаса бўлади. Суриянинг ақлга сиғмас нархлар, бемисл коррупция, қилишга иш йўқ бўлган, ҳеч нарса тикланмаган қолган қисмидан фарқли ўлароқ», — дейди у.
Михайлов армияси коррупцияга ботган Асаддан фарқли ўлароқ, ал-Жўланий ўтган вақт давомида гуруҳ жангчиларини мунтазам ҳарбийлашган тузилмага айлантирганини эътироф этади. «Яъни у армияни нормал ташкил этган: унда ҳарбий академия пайдо бўлган, унда жангларда ўзини яхши кўрсатаётган чинакам махсус топшириқли бўлинмалар пайдо бўлган, унда дронлар пайдо бўлган. Бунга биз ҳозирнинг ўзида гувоҳ бўлмоқдамиз», — дейди у.
Михайлов ал-Жўланийнинг гуруҳининг келгуси ҳаракатларини прогноз қилишдан тийилган, аммо юриш қандай якунланишидан қатъи назар, у аллақачон бемисл ва тарихий воқеага айланганини таъкидлаган. «Биз бу минтақада мутлақо уникал воқеаларнинг гувоҳи бўлдик. Эҳтимол, буни фақат Идлибнинг қулаши билан солиштириш мумкин, ушбу шаҳар мухолифатчилар қўлига ўтган илк губернаторлик маркази бўлган ва Россиянинг Суриядаги урушга аралашиши сабабларидан бирига айланганди», — дея хулоса қилади у. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россия Исроилни Голан тепаликлари борасида огоҳлантирди
Сурия исёнчилари етакчиси мурожаат билан чиқди
Туркия Суриянинг янги ҳукуматини ҳарбий соҳада қўллаб-қувватламоқчи
Туркия Сурия чегарасида қўшин тўпламоқда
Трамп Зеленскийни уруш тугашига тайёрланишга чақирди
Дональд Трамп: “Президент Эрдўғон жуда ақлли, Асад эса шафқатсиз қассоб”
Эрдўған: Дамашқ ва Ҳалаб Туркияники бўлиши мумкин эди
Озиш учун барча ҳаракатлар бесамар бўлишига 11 та асосий сабаб