11:46 / 11.01.2025
20

Трампга Гренландия нима учун керак?

Трампга Гренландия нима учун керак?
Фото: AP Photo/Chris Szagola
Олис, музли ва аксарият қисми минг йиллар аввалги ҳолича сақланиб қолган Гренландия сайёрамизда содир бўлаётган иқлим ўзгаришларида ғоят муҳим рол ўйнайди, деб ёзмоқда Euronews.

Гренландия — иқлим ўзгариши, ресурслар тақчиллиги, кескинлашган геосиёсий вазият ва янги савдо йўналишларини ўзида чамбарчас боғлаган ҳудуд”, — дейди Оҳаё университетининг хавфсизлик ва экология профессори Жеф Дабелко.

Унинг айтишича, дунёдаги энг катта орол ҳозир кўп жиҳатдан геосиёсий ва геоиқтисодий рақобат марказида турибди. Бунга иқлим ўзгариши ҳам қисман сабаб бўлмоқда.

Сайланган президент Доналд Трамп сўнгги пайтларда АҚШнинг кўп йиллик иттифоқчиси ва НАТО асосчиси бўлган Данияга қарашли яримавтоном ҳудуд Гренландияни сотиб олишга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳудудда АҚШнинг йирик ҳарбий базаси ҳам жойлашган.

Гренландиянинг нимаси бунчалик жозибали?

Ню Йорк университети иқлимшуноси Дэвид Ҳолланднинг айтишича, Гренландия исиб бораётган сайёрамиз учун термостат (доимий ҳароратни сақлаб турадиган қурилма) вазифасини ўтайди. У Ер шарининг қолган қисмига нисбатан тўрт баробар тезроқ исиётган минтақада жойлашган.

Гренландия ерлари қаърида телекоммуникациялар учун зарур бўлган ноёб фойдали қазилмалар, шунингдек, уран, миллиардлаб тонна ўзлаштирилмаган нефт ва табиий газ захиралари мавжуд.

Ушбу фойдали қазилмаларнинг кўпчилиги ҳозирда асосан Хитойга етказиб берилмоқда, шу сабабли АҚШ каби бошқа мамлакатлар ҳам унга қизиқиш билдирмоқда, дейди Жеф Дабелко. Уч йил олдин Дания ҳукумати 57 минг киши яшайдиган мазкур ҳудудда денгиздаги нефт конларини қазишни тўхтатганди.

Аммо нефт, газ ёки фойдали қазилмалардан ташқари, муз ҳам бор — катта миқдорда. Агар оролдаги муз эриб кетса, бу бутун дунё бўйлаб соҳил чегараларини ўзгартиради ва об-ҳавога кескин таъсир кўрсатади.

Гренландияда шу қадар кўп муз тўпланганки, у бутунлай эриса, дунё океани сатҳи 7,4 метрга кўтарилиши мумкин. 2022 йилги тадқиқотда айтилишича, тахминан 30 сантиметр қалинликдаги муз нима бўлишидан қатъи назар эриб кетади.

1992 йилдан бери Гренландия ҳар йили қарийб 182 миллиард тонна (169 миллиард метр тонна) муз йўқотмоқда, 2019 йилда эса йўқотишлар 489 миллиард тоннага етган.

Боулдер (Колорадо штати) Қор ва муз бўйича миллий маълумотлар маркази директори Марк Серрезенинг айтишича, Гренландия XXI асрда “асосий эътибор марказига” айланади, чунки унда эриётган муз қопламаси денгиз сатҳига таъсир кўрсатади.

Ҳолланд бу таъсирни “энди тўхтатиб бўлмайди” деган фикрда.

Бошқа иқлим омиллари ҳам таъсир кўрсатадими?

Гренландия асосий океан оқимини ҳаракатга келтирадиган ва тўхтатадиган восита вазифасини ҳам бажаради. Бу оқим Ер иқлимига, жумладан, довуллар ва қишки бўронларнинг фаоллигига катта таъсир кўрсатади. Атлантика меридионал айланмаси деб аталадиган ушбу оқим ҳозирда секинлашмоқда, чунки Гренландиядаги музликларнинг эриши ортидан океанга кўпроқ чучук сув қўшилмоқда, деб таъкидлади Серрез.

Оқимнинг секинлашиши ёки бузилиши Европа ва Шимолий Американинг айрим қисмларида иқлим ўзгаришида бурилиш нуқтаси бўлади. Бу ҳудудлар узоқ давом этадиган аёз даврга тушиб қолиши мумкин.

Ушбу глобал оқимлар тизими сезиларли даражада секинлашса, (ўтмишда шундай бўлган) бутун дунё бўйлаб одатдаги ҳарорат тартиблари ва ёғингарчилик миқдори кескин ўзгариб кетади”, — деб таъкидлади Вудвелл иқлим тадқиқотлари марказининг иқлимшуноси Женифер Френсис.

Қишлоқ хўжалиги хавф остида қолади, экотизимлар барбод бўлади, “одатий” об-ҳаво эса ўтмишда қолади.

Ҳолланднинг айтишича, Гренландия эриган сари ўз рангини ўзгартирмоқда: қуёш нури, иссиқлик ва энергияни ўзида акс эттирувчи оқ муздан кўпроқ энергия ютадиган кўк-яшил океан ва қуруқликка. Бу ўзгариш давом этади.

Гренландия ҳозир АҚШ ҳудудининг учдан икки қисмида кузатилаётган кескин совишда маълум рол ўйнамоқда. Atmospheric and Environmental Research хусусий компаниясининг қишки об-ҳаво бўйича мутахассиси Жуд Коэннинг таъкидлашича, 2012 йилда Гренландия устидаги об-ҳаво шароити кучли Sandy бўронининг Ню Йорк ва Ню Жерси томон ҳаракатланишига сабаб бўлган.

Гренландия устидаги муз тоғлари бутун дунё бўйлаб бўронлар ҳосил қиладиган ва кундалик об-ҳавони белгилайдиган ҳаво оқимининг тузилишини ҳам ўзгартиради. Коэн айтишича, айниқса қишда, Гренландия қирғоқлари яқинидаги юқори босимли тўсиқ Арктика ҳавосини ғарб ва шарққа йўналтириб, Шимолий Америка ва Европага ёпирилишига сабаб бўлади.

Гренландиянинг жойлашуви нима учун бу қадар муҳим?

Гренландиянинг асосий қисми АҚШ, Россия ва Европа оралиғидаги қутб доирасидан юқорида жойлашгани боис у 150 йилдан ортиқ вақтдан бери АҚШ ва бошқа давлатлар эътиборини тортиб келмоқда. Арктиканинг кема қатнови ва савдо учун тобора кўпроқ очилиши орол аҳамиятини оширди.

Бироқ буларнинг ҳеч бири Ер юзидаги энг қадимий тош қоялардан бири жойлашган ва муз билан қопланган оролнинг бетакрор қиёфасига етмайди.

Гренландия ғоят гўзал. У ерда кўзингиз қамашиб қолади”, — дейди 2007 йилдан бери музликда 30 мартадан ортиқ тадқиқот ўтказган Ҳолланд. “Осмонўпар бино катталигидаги муз парчалари қоялардан кўчиб, океанга қулайди. Бунинг устига, ажойиб ёввойи табиат, тюленлар ва касаткалар бор. Бу манзара кишини ҳайратга солади”.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё