Гренландияда 173 миллиард тонна муз бир йилда эриди

Гренландия музликлари сўнгги 30 йилдан бери муттасил қисқаришда давом этмоқда. Сўнгги мавсумда эса муз қатламининг йўқолиши янада катта кўламга етди.
Дания ва Гренландия миллий геология хизмати маълумотларига кўра, 2025–2026 йиллар мавсумида Гренландияда қарийб 173 миллиард тонна муз эриб кетган.
Таққослаш учун, ўтган мавсумда бу кўрсаткич 130 миллиард тоннани ташкил этган. Бироқ бу тарихдаги энг юқори натижа эмас — 2012 йилда Гренландия муз қатлами бир мавсумда 458 миллиард тоннага қисқарган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, музликлар массаси сўнгги бор 1995–1996 йиллар мавсумида кўпайган. Шундан бери эса Гренландия муз қатлами деярли 30 йил давомида изчил камайиб бормоқда.
Эксперт Сигне Хиллеруп Ларсен бу ҳолат глобал исишнинг жиддий оқибатларидан бири эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳароратнинг кўтарилиши музларнинг эриш жараёнини тезлаштирмоқда.
Мутaxассислар бу ўзгаришлар нафақат Гренландия, балки бутун дунё учун оқибатларга эга бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Чунки улкан музликларнинг эриши жаҳон океани сатҳининг кўтарилишига, шунингдек, океандаги табиий жараёнларга таъсир кўрсатиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…