06:00 / 18.02.2025
371

Россия ва Сурия ҳарбий базалар бўйича келишувга яқин турибди

Россия ва Сурия ҳарбий базалар бўйича келишувга яқин турибди
Фото: AP
Россия Суриянинг янги ҳукумати билан Тартус ва Латақиядаги ҳарбий базаларининг мақоми бўйича келишувга яқин турибди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, Москва Дамашққа ИШИДга қарши курашда ёрдам бериш эвазига минтақадаги иштирокини сақлаб қолиш ниятида.

Bloomberg суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, Сурияда Россия ҳарбий базаларининг бўлиши мамлакатнинг янги ҳукуматига Туркиянинг ошиб бораётган таъсирини «мувозанатлаш»га ёрдам бериши мумкин. Аммо гап Россиянинг минтақадаги «қисқартирилган» иштироки ҳақида кетмоқда. Мазкур масала бўйича ҳали якуний қарор қабул қилинмаган.

Россия ҳарбий контингенти Сурияга 2015 йил сентябрда глобал террорчилар гуруҳини йўқ қилиш мақсадида юборилган. Тартус провинциясида Россия Ҳарбий-денгиз кучларининг 720-моддий-техник таъминот пункти, Латақия провинциясида эса Ҳмеймим авиабазаси жойлашган.

12 феврал куни Россия президенти Владимир Путин биринчи марта Суриянинг ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шаръа билан телефон орқали мулоқот қилганди. Мулоқот давомида Россия етакчиси Суриянинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, жумладан, инсонпарварлик ёрдами орқали ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилган. Кремлга кўра, телефон мулоқоти «конструктив, ишга оид ва мазмунли» кечган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг