06:47 / 12.03.2025
202

АҚШ ва Украина нодир металлар бўйича битим тузишга яқинлашмоқда

АҚШ ва Украина нодир металлар бўйича битим тузишга яқинлашмоқда
Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида 11 март куни АҚШ ва Украина делегациялари ўртасидаги музокараларда нодир металлар бўйича битим муҳокама қилинмаган. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Марко Рубио маълум қилди.

Рубионинг сўзларига кўра, мазкур битим ҳар икки давлат молия вазирлари томонидан келишиб олинган, бироқ Жиддада ўтказилган музокаралар давомида бу масалага тўхталинмаган. "Президентларимиз ўз ҳукуматларининг тегишли аъзоларига бу жараённи якунлашни топширди", — деди Рубио битим нима учун имзоланмагани ҳақидаги саволга жавобан.

У, шунингдек, музокаралар давомида асосий эътибор тинчлик масаласига қаратилишини таъкидлади. "Биз тинчликка эришиш йўлида ҳаракат қилдик, аммо бу битим муҳим аҳамият касб этмаслигини англатмайди. Шубҳасиз, бу жуда муҳим келишув ва биз буни қўшма баёнотда қайд этамиз", — деди Рубио.

Музокаралар якунида Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак ҳам АҚШ ва Украина президентлари муҳим минерал ресурсларни қазиб олиш битимини "имкон қадар тезроқ" имзолашга келишиб олганини маълум қилди.

Тинчлик масаласида илгарилаш бор

Жиддадаги учрашув якунида Украина томони 30 кунга ўт очишни тўхтатишга рози бўлди. Ўз навбатида, Вашингтон Киевга разведка маълумотлари ва ҳарбий ёрдамни зудлик билан тиклашини билдирди.

Музокаралардан кейин Володимир Зеленский видеомурожаат билан чиқиб, Украина таклифларини тушунгани учун АҚШ президенти Доналд Трампга миннатдорчилик билдирди. Reuters агентлигининг ёзишича, Трамп АҚШ ва Россия вакиллари Украинада ўт очишни тўхтатиш масаласини муҳокама қилиш учун 11 ёки 12 март куни учрашишини айтган. Шунингдек, у Украина президенти Зеленскийни яна Оқ уйга таклиф қилишини маълум қилди. "Чунки биз Украинадаги урушни тугатишни хоҳлаймиз", — деган Трамп.

Битим қандай аҳамиятга эга?

Украина дунёдаги энг катта нодир металлар заҳирасига эга мамлакатлардан бири бўлиб, уран, литий ва бошқа қимматбаҳо минералларга бой ҳисобланади. Агар битим имзоланса, бу АҚШ ва Украина учун стратегик аҳамиятга эга бўлади. АҚШ учун мазкур келишув Украина билан иқтисодий ва ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш имкониятини яратади.

Яқин вақт ичида икки давлат расмийлари битимни имзолаш борасида музокараларни якунлаши кутилмоқда. Бу Украина иқтисодиётини тиклаш ва АҚШ учун стратегик ресурсларни таъминлашда муҳим қадам бўлиши мумкин.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг