01:41 / 31.03.2025
637

Туркияда сохта «хазина хариталари» орқали фирибгарлик билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Туркияда сохта «хазина хариталари» орқали фирибгарлик билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олинди
Туркияда ҳуқуқ-тартибот идоралари 1,32 миллион доллардан ортиқ маблағни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган жиноий гуруҳни фош қилди. Улар маҳаллий аҳолини сохта «хазина» хариталари орқали алдаган, деб хабар беради Hurriyet нашри.

Маълумотларга кўра, гумонланувчилар Тунжели вилоятидаги қишлоқларга бориб, маҳаллий аҳолига қадимий хазиналарни топишни таклиф қилган. Улар қўлда чизилган, сунъий равишда қадимги кўринишга келтирилган хариталарни тақдим этиб, айрим жойларда қимматбаҳо артефактлар кўмилганига ишонтирган.

Фирибгарлик схемаси

Фирибгарларга ишонган маҳаллий аҳоли улар кўрсатган жойларда қазиш ишларини бошлаган ва ер остида ҳақиқатдан ҳам ҳайкалчалар ва бошқа «қадимий буюмлар» топилган. Бироқ кейинчалик уларни фирибгарларнинг ўзи олдиндан ерга кўмиб қўйгани маълум бўлган.

Жиноий схемага ўзини руҳоний сифатида кўрсатган шахс ҳам қўшилган. У видеомулоқот орқали алданганларга топилган буюмларни Туркияда сотиш имкони йўқлигини, аммо чет элда уларга талаб борлигини айтган. Шунингдек, уларни сотиш ва ишончли харидор топиш эвазига маълум миқдорда маблағ талаб қилган. Натижада, фирибгарлар жами 1,32 миллион доллар йиғишга муваффақ бўлган.

Жиноятчилар қўлга олинди

Одамларнинг шикоятларидан сўнг жандармия мамлакат бўйлаб тўққизта вилоятда махсус операция ўтказган. Натижада, 25 нафар гумонланувчи ҳибсга олинган. Тинтувлар давомида уларнинг уйларидан ҳайкалчалар, турли SIM-карталар, қуроллар ва хорижий валюта мусодара қилинган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан суд жараёнлари давом этмоқда. Туркия ҳукуматининг маълум қилишича, бу каби фирибгарлик схемаларидан эҳтиёт бўлиш кераклиги ҳақида аҳолига огоҳлантириш берилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг