Болалар учун ижтимоий тармоқлар ёпилди: Туркияда шов-шувли қонун кучга кирди

Болалар учун ижтимоий тармоқлар ёпилди: Туркияда шов-шувли қонун кучга кирди

Туркияда болалар хавфсизлиги ва таълимига қаратилган жиддий қадам ташланди — 15 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга нисбатан расмий тақиқ кучга кирди. Туркия Оила ва ижтимоий хизматлар вазири Маҳинур Гўкташ маълум қилишича, 15 ёшгача бўлган шахслар эндиликда тармоқларда янги профил оча олмайди, мавжуд саҳифалар эса босқичма-босқич ёпилади.

Мавжуд фойдаланувчиларнинг ёшини текшириш ва мослашиш жараёни 2027 йил 31 мартга қадар давом этади. Ушбу ўтиш даврида ижтимоий тармоқлар маъмурияти 15 ёшдан кичик фойдаланувчиларнинг ҳисобларини тўлиқ музлатиб, фаолиятини тўхтатади.

e-devlet орқали назорат: Ёшга қараб қандай чекловлар ўрнатилади?

Ижтимоий тармоққа кириш учун фойдаланувчилар давлат хизматлари портали — e-devlet орқали шахсини тасдиқлаши талаб этилади. Портал орқали фуқаронинг ёши ҳақидаги маълумотга эга рақамли токен берилади:

  • 15 ёшгача бўлганлар: Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш бутунлай тақиқланади;

  • 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар: Тармоққа киришга рухсат берилади, аммо қатъий чекловлар билан:

    • Фақат «дўстлар» рўйхатидаги саҳифалар билан ёзишиш мумкин;

    • Тўғридан-тўғри (жонли) эфирлар олиб бориш қатъиян ман этилади;

    • «Катталар учун» мўлжалланган реклама ва номақбул контентлар тўсиб қўйилади.

Қонун талабини бузиб, ўсмирлар учун сохта профил очган шахслар ҳамда ёш чекловларини назорат қилмаган ижтимоий тармоқ платформаларининг ўзлари ҳам жиддий жарима ва санкцияларга тортилади.

Сайёҳлар ва хорижликлар учун тартиб қандай?

Хавфсизлик бўйича туркиялик эксперт Мустафо Бегюрджюнинг таъкидлашича, Туркияга қисқа муддатга келувчи хорижий сайёҳлар ўз паспорт маълумотларини махсус порталда қайд этиш орқали ижтимоий тармоқларга чекловсиз кириш ҳуқуқини қўлга киритишлари мумкин.

«Болалар кўпроқ дарс қилиши керак»: Чекловлар ортидаги сабаб

Туркия Транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Уралоғлу чекловларнинг киритилишини изоҳлар экан, бу бутун интернетни тақиқлаш эмас, балки ёш авлод тарбияси билан боғлиқ эканини билдирди:

«Бу ерда гап бутун интернетни тақиқлаш ҳақида кетаётгани йўқ. Болалар виртуал оламда соатлаб вақт йўқотмасдан, кўпроқ дарс билан шуғулланиши, китоб ўқиши ва реал ҳаётга эътибор қаратиши зарур».

Бундан ташқари, Туркия Адлия вазири Ақин Гюрлекнинг маълум қилишича, мамлакатда ижтимоий тармоқлардаги аноним (сохта) профилларни бутунлай тақиқлаш бўйича қонунчиликка навбатдаги ўзгартиришлар киритиш режалаштирилмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар