date
views 1 501

Хитой АҚШ ва Филиппин ҳарбий яқинлашувига қарши чиқди — "Шовқин кўтарганлар қўғирчоққа айланади"

Хитой АҚШ ва Филиппин ҳарбий яқинлашувига қарши чиқди — "Шовқин кўтарганлар қўғирчоққа айланади"
Жанубий Хитой денгизи атрофидаги геосиёсий вазият яна қайноқ паллага кирди. Хитой Мудофаа вазирлиги АҚШ ва Филиппин ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик, қурол-яроғ битимлари ва Япония билан қўшма патруллар бўйича шиддатли баёнот билан чиқди. Пекин бу ҳаракатларни минтақадаги барқарорликка таҳдид сифатида баҳоламоқда.

Пекин Вашингтонни айблади

Хитой мудофаа вазирлиги матбуот котиби, полковник Чжан Сяоганг чоршанба куни қилган чиқишида АҚШни "икки томонлама иттифоқлар"ни баҳона қилиб Жанубий Хитой денгизидаги тортишувларга аралашишда айблади.

“АҚШ ўзининг иттифоқчилик шартномаларига таянган ҳолда баҳсларга аралашмоқда. Бу Хитойнинг ҳудудий суверенитетини ва денгиздаги ҳуқуқларини бузишдир. Шу орқали бизга босим ўтказишга ҳаракат қилишмоқда. Аммо бу усул иш бермайди”, — деди Чжан.

F-16 ва патруллар фонида кескин тон

Маълумотларга кўра, АҚШ сўнгги ҳафталарда Филиппин ҳаво кучларига F-16 қирувчи самолётларини сотиш битимини тасдиқлади, шунингдек, Япония билан биргаликда Жанубий Хитой денгизида ҳарбий патруллар ўтказмоқда. АҚШ бу ҳаракатларни "минтақавий хавфсизликни таъминлаш учун жавоб чораси" сифатида баҳоламоқда.

Пекин эса уларни қўпол провокация ва "кескинликни кучайтирувчи омил" деб ҳисобламоқда.

Филиппинга огоҳлантириш: “Қўғирчоққа айланманг”

Чжан Сяоганг чиқишида Филиппинни "Хитойни мунтазам қўзғатиш"да айблаб, бундай ҳаракатлар ортида АҚШ бошчилигидаги ташқи кучлар турганини билдирди.

“Бу ҳаракатлар уларнинг минтақада беқарорлик яратиш ниятини очиб ташлади. Филиппин бошқаларга суяниб денгизда шовқин кўтармоқда, аммо охир-оқибат ўзини қурбон қилади. Шундайлар фойдаланилган ва ташлаб юборилган қўғирчоққа айланади”, — деди Хитой расмийси.

Мулоқотга чақириқ

Баёнот сўнгида Чжан Филиппин ҳукуматини “ҳақиқатга зид бўлган иллюзиялардан” воз кечиб, музокара ва тинч мулоқотга қайтишга чақирди. Унга кўра, хавфсизликнинг калити — икки томонлама англашув ва конструктив ёндашувда.

Хитой ва АҚШ ўртасидаги геосиёсий тортишув энди Филиппин орқали янги босқичга ўтмоқда. Денгиздаги ҳарбий фаоллик, қурол битимлари ва кескин баёнотлар минтақа келажагига жиддий таъсир қилиши мумкин. Музокаралар ўрнига таҳдидлар устувор бўлиб борса, Жанубий Хитой денгизи янада "иқлимсиз зона"га айланиши ҳеч гап эмас.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг