
АҚШда иқтисодий вазият яна глобал сармоядорларнинг диққат марказида. 21 апрель куни АҚШ доллари курси кескин пасайди — DXY индекси 97,92 пунктгача тушиб, сўнгги уч йилдаги энг паст даражага етди. Бу ҳақда CNBC нашри ёзмоқда.
Трампнинг шов-шувли чиқиши валюталар бозорига таъсир қилди
АҚШ президенти Доналд Трамп бу ҳолатга сабабчи бўлди, дейиш мумкин. У Федерал захира тизими раҳбари Жером Пауэллни қатъий танқид қилиб, уни “жуда кеч ҳаракат қилувчи одам” ва “йирик муваффақиятсиз шахс” деб атади. Шу билан бирга, президент Пауэллни шошилинч равишда фоиз ставкаларини пасайтиришга чақирди.
“Кўпчилик олдиндан ставкалар пасайишини истаяпти. Энергия ва товарлар нархи тушяпти — инфляция деярли йўқ. Агар бунинг ўзида ҳам чора кўрилмаса, иқтисодиёт сустлашади”, — деди Трамп.
Унинг таъкидлашича, Европа марказий банки фоиз ставкаларини етти марта пасайтирган, АҚШ эса ҳануз кечикаётгани сўзларига қўшимча қилинди.
DXY нима? Ва нега пасайиши муҳим?
DXY индекси — АҚШ долларининг евро, фунт, иена, франк, крона ва Канада доллари каби асосий валюталарга нисбатан қийматини кўрсатувчи мезон. 97,92 — 2022 йил март ойидан буён энг паст даража.
Бозор мутахассисларининг фикрича, бу жараён Федерал захира сиёсатидаги ноаниқлик, президент ва марказий банк ўртасидаги келишмовчиликлар ва инвесторлар ишончининг сусайиши билан боғлиқ.
Олтин ва бошпана активларига талпиниш
АҚШдаги иқтисодий сиёсат борасидаги беқарорлик фонида сармоядорлар “бошпана активлари” — хусусан, олтинга талабни оширмоқда. Шу куни тарихда илк бор бир унция олтин нархи 3400 доллардан ошди.
Evercore ISI инвестиция компанияси вице-президенти Кришна Гуха шундай дейди:
“Бозор аниқ сигнал бермоқда. Президент ҳатто ФРС раҳбарини ўзгартиришга уриниш мумкинлигини билдиряпти. Бу ишончсизликни кучайтирмоқда. Қизиғи шундаки, бу вазиятда доллар арзонлашмоқда, аммо узоқ муддатли АҚШ облигацияларининг даромадлилиги ортиб бормоқда. Бу — сармоядорлар капитални АҚШдан чиқараётганидан дарак беради.”
Пауэлл истеъфога чиқариладими?
Трамп бундан бир неча кун аввал ҳам Пауэллни танқид қилиб, ўз лавозимини тарк этиши керак, деган эди.
Piper Sandler банки мутахассиси Энди Лаперриэр эса шундай дейди:
“Трампнинг бож масаласидаги сўзларига эътибор бермаган инвесторлар хато қилган. Ҳудди шундай, унинг иқтисодий сиёсатига доир бошқа баёнотларини ҳам менсимаслик — хато бўлади.”
Сиз нима деб ўйлайсиз — долларнинг тушиши ва Пауэллга бўлган босим АҚШ иқтисодиёти учун қай даражада хавфли? Президентнинг тажовузкор чиқишлари бозорга қай даражада таъсир қилади? «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар