
АҚШ президенти Доналд Трамп 13–16 май кунлари Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларига (БАА) ташриф буюришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт расман маълум қилди.
Трамп аввалроқ 1 апрел куни берган баёнотида биринчи навбатда Саудия Арабистонига бориш эҳтимолини тасдиқлаган эди. Шунингдек, бу сафар доирасида у Қатар ва БАА каби бошқа Яқин Шарқ давлатларига ҳам ташриф буюришни режалаштирганини билдирганди.
Доналд Трампнинг президентлик лавозимига қайтганидан сўнг илк хорижий ташрифини айнан Саудия Арабистонидан бошлаши АҚШнинг Форс кўрфази давлатлари билан муносабатлари янада мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Бу мамлакатлар билан иқтисодий ҳамкорлик, савдо-сотиқ ва сармояларни кенгайтириш масалалари кун тартибида биринчи ўринга чиқмоқда.
Эътиборлиси, Доналд Трамп олдинги президентлик муддатида ҳам ўзининг хорижий ташрифларини айнан Саудия Арабистонидан бошлаган эди. Ўша вақтда Саудия қироллиги АҚШдан жами 450 миллиард долларлик маҳсулотларни сотиб олишга розилик берган.
Энди кузатувчилар ва мутахассислар Трампнинг бу галги ташрифидан кейин икки томонлама муносабатлар, хусусан иқтисодий ҳамкорлик қандай янги даражага кўтарилишини қизиқиш билан кузатмоқда.
Трамп Яқин Шарқ давлатларига ташриф буюради: кун тартибида нималар бор? «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар