date
views 333

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги кескинлик янада кучайди

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги кескинлик янада кучайди
Ҳиндистон ва Покистон чегарасидаги Аттари назорат-ўтказиш пункти вақтинчалик ёпилади. Бундай қарор Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Жанубий Кашмирда содир бўлган теракт муносабати билан қабул қилинди. Times of India нашрига кўра, қарор дарҳол кучга кирган.

Амалдаги ҳужжатларга эга бўлган Покистон фуқаролари 2025 йил 1 майгача айнан шу чегара орқали Покистонга қайтиши мумкин. Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар жуда кескин бўлгани сабабли, фаолият юритувчи чегара пунктлари сони чекланган. Аттари эса улардан энг асосийси ҳисобланади.

Ҳиндистон томонидан қуйидаги санкциялар жорий қилинди:

— 1960 йилда тузилган Инд дарёси сувларидан фойдаланиш шартномаси вақтинча тўхтатилди. Покистон “трансчегаравий терроризмни қўллаб-қувватлашдан тўлиқ воз кечгунча” ушбу шартнома қайта тикланмайди. Бугунгача бу битим сиёсий ва ҳарбий тарангликларга қарамай амал қилиб келаётган эди.

— Покистон фуқаролари учун SAARC доирасидаги визасиз кириш тартиби бекор қилинди ва олдин берилган барча SPES визалари ўз кучини йўқотди. Айни вақтда Ҳиндистонда SPES визаси билан бўлган Покистон фуқаролари мамлакатни 48 соат ичида тарк этишлари керак.

— Нью-Деҳлидаги Покистон Олий комиссиясининг мудофаа, армия, денгиз ва авиация масалалари бўйича маслаҳатчилари “персона нон грата” деб эълон қилинди. Уларга Ҳиндистонни тарк этиш учун бир ҳафта муддат берилди.

— Ҳиндистон ўзининг Исломободдаги Олий комиссиясидан мудофаа, ҳарбий-денгиз ва авиация бўйича маслаҳатчиларини чақириб олади ва бу лавозимлар тугатилади.

Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Викрам Мисри бу қарорлар 20 дан ортиқ инсоннинг ҳаётига зомин бўлган ва 10 дан кўпроқ одам жароҳатланган Кашмирдаги теракт сабабли қабул қилинганини тасдиқлади.

Кашмирдаги фожиа тафсилотлари

22 апрель куни Ҳиндистоннинг шимолидаги Жамму ва Кашмир ҳудудида жуда оғир теракт содир этилди. Пахалгам шаҳри яқинидаги Бойсарон водийсида сайёҳлар сўқмоқ бўйлаб кетиш пайтида номаълум қуролланган шахслар уларга қарши ўқ узган. Ҳужум натижасида камида 27 киши, шу жумладан, икки хорижлик сайёҳ ҳам ҳалок бўлган.

Ҳиндистон ички ишлар вазири Амит Шоҳ ҳужумга алоқадор шахслар албатта жазоланишини таъкидлади. Теракт учун жавобгарликни "Kashmir Resistance" гуруҳи ўз бўйнига олган. Ҳиндистон эса ҳужумда Покистонни террорчиларни қўллаб-қувватлаганликда айблади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ушбу мудҳиш воқеа муносабати билан Ҳиндистон президенти Драупади Мурму ва бош вазири Нарендра Модига таъзия билдириб, чуқур ҳамдардлик йўллади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги кескинлик янада кучайди