
Фото: Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA
24 апрелга ўтар кечаси Россия ҳарбий кучлари Украина пойтахти Киевга баллистик ракеталар ва дронлар орқали кенг қамровли зарбалар берди. Энг катта зарар Святошинский туманида кузатилган бўлиб, бу ерда кўп қаватли уй ракета зарбасига учради. Киев шаҳри мэри Виталий Кличко маълум қилишича, дрон парчалари пойтахтнинг Голосеев, Подолск ва Шевченко туманларига ҳам тушган.
Дастлабки маълумотларга кўра, саккиз нафар киши ҳалок бўлган. Аввалига қурбонлар сони 10 нафар деб хабар қилинган эди, аммо кейинчалик расмийлар бу рақамга аниқлик киритди. Яна 77 киши тиббий ёрдамга мурожаат қилган бўлиб, уларнинг 31 нафари касалхонага жойлаштирилган. Жабрланганлар орасида беш нафар бола ҳам бор. Ҳозирги вақтда воқеа жойида қутқарув ва қидирув ишлари давом этмоқда. Қутқарувчилар Святошинский туманида вайрон бўлган бино қолдиқларини олиб ташламоқда.
Ҳужум натижасида Киевда умумий ҳисобда 12 та бинога зарар етган. Киевлик Людмила исмли аёлнинг «Суспилне» нашрига маълум қилишича, ҳалок бўлганлар орасида унинг 84 ёшли онаси ҳам бор. «У кекса, аммо бақувват эди. Ҳали яшашни режалаштираётган эди», — дейди Людмила.

Полициячилар Россия зарбасидан шикастланган уй аҳолисини эвакуация қилмоқда
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Украина президенти Владимир Зеленский Жанубий Африка Республикасига сафари доирасидаги бир қатор учрашувларни бекор қилиб, дарҳол Украинага қайтишини маълум қилди. «Украина АҚШнинг таклифига мувофиқ 44 кун аввал ўт очиш ва ҳужумларни тўхтатишга рози бўлганди. Лекин Россия ушбу вақт мобайнида тинч аҳолини ўлдиришни давом эттирмоқда ва ҳеч қандай жазога тортилмаяпти», — деб ёзди Зеленский.

Россия зарбаси оқибатида яраланган киевлик киши, 2025 йил 24 апрел
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво қўшинлари маълумотига кўра, кечаси мамлакат осмонида Россия томонидан учирилган камида 70 та ракета йўқ қилинган. Ҳужумларда жами 37 та Х-101, 11 та «Искандер-М»/KN-23 баллистик ракета, 12 та «Калибр», 6 та «Искандер-К», 4 та Х-59/Х-69 авиация ракеталари ва 145 та зарбдор дрон қўлланган.
«Агентство» нашрининг таъкидлашича, бу Киев учун 2024 йил июлдан буён энг йирик қурбонли ҳужум бўлган. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 8 июл куни Россиянинг ракета зарбаси «Охматдет» болалар шифохонасига урилган ва ўшанда 33 киши ҳалок бўлган эди, шифохонада яна бир бола ҳаётдан кўз юмганди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар