
Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) мамлакат қуролли кучлари бош штаби оператив бошқармаси бошлиғи ўринбосари, генерал-лейтенант Ярослав Москаликнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатда гумонланувчи шахсни ушлади. Қўлга олинган шахс 42 ёшли Игнат Кузин бўлиб, у Украина махсус хизматларининг агенти сифатида кўрсатилмоқда.
Россия махсус хизматлари маълумотига кўра, Кузин Москалик фойдаланган Volkswagen Golf автомобилига портловчи қурилмани жойлаган. Бу портловчи мослама Москва вилоятидаги яширин нуқтадан олинган бўлиб, унинг портлатилиши масофадан туриб Украина махсус хизматлари томонидан амалга оширилган. Мазкур воқеа 25 апрель куни эрталаб содир бўлган, натижада генерал-лейтенант Москалик жойида ҳалок бўлган.
ФХХнинг маълум қилишича, гумонланувчи шахс Украинада яшаш рухсатномасига эга бўлган. У тергов жараёнларини ўтказиш учун Россия Тергов қўмитасига олиб борилган. Кузинга нисбатан террорчилик ҳаракатини амалга ошириш ва ноқонуний портловчи моддалар сақлаш моддалари бўйича айблов қўйилиши мумкин ва унга умрбод қамоқ жазоси хавф солмоқда.
ТАСС ахборот агентлигининг манбасига кўра, Игнат Кузин Истанбул шаҳрида, Москвадан самолётда учиб келган пайтида ушланган. Аммо унинг Россияга олиб келиниши қандай йўл билан амалга оширилгани ҳақида аниқ маълумот берилмаган.
ФХХ томонидан эълон қилинган видеода Игнат Кузин Киев вилоятида 2023 йилнинг апрелида Украина махсус хизматлари томонидан ёлланганини тан олган. У ўз сўзларида «Вадим» исмли куратор топшириғи билан Москвага келганини, унга яширин жой координатлари берилганини ва шу жойдан кузатув камералари ҳамда машинага ўрнатиладиган бомба олиб келганини маълум қилган. Кузиннинг таъкидлашича, портлашни айнан куратор Украинанинг ўзидан туриб амалга оширган.
«Вот Так» нашрининг маълум қилишича, Игнат Кузин Россияда таваллуд топган бўлиб, кейинчалик узоқ вақт Украина ҳудудида яшаган. Mash’ нашрининг ёзишича, 2014 йилдан сўнг Кузин мунтазам равишда Россияга ишлаш учун келиб турган ва ҳатто Мариуполдаги машҳур «Азовстал» заводида ҳам фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, генерал-лейтенант Ярослав Москаликнинг ўлимига олиб келган автомобил порлаши 25 апрель куни Москва вилоятидаги Балашиха шаҳрида содир бўлган эди. У Россия армиясида қарийб 40 йиллик тажрибага эга бўлиб, 2015 йилда Украина билан музокараларда иштирок этган, шунингдек, Россиянинг Суриядаги ҳарбий операцияларига бағишланган мавзуларда муҳим баёнотлар берган. Ҳозирда воқеа юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар