
Жанубий Корея ҳарбий-денгиз кучларига қарашли P-3C туридаги патрул самолёти фожиали тарзда ҳалокатга учради. Бу ҳақда Yonhap агентлиги мамлакатнинг Ҳарбий-денгиз кучлари баёнотига асосланиб хабар тарқатмоқда. Маълум қилинишича, ушбу турдаги самолётнинг Жанубий Корея қуролли кучлари тарихида ҳалокатга учраши билан боғлиқ илк ҳолатдир.
Ҳодиса тафсилотларига кўра, денгиз патрул самолёти 13:43 да Жанубий Кореянинг Поҳанг шаҳридаги авиабазадан режалаштирилган машғулот парвозига кўтарилган. Бироқ орадан бор-йўғи олти дақиқа ўтиб, яъни 13:49 атрофида номаълум сабабларга кўра ерга қулаб тушган. Самолёт ҳавога кўтарилганидан сўнг, база яқинидаги тепаликларда кучли тутун пайдо бўлганини маҳаллий аҳоли ҳам тасдиқламоқда.

Ҳодиса содир бўлган жойда излаш-қутқарув ишлари дарҳол бошланган. Жойга ўт ўчириш ва қутқарув хизмати томонидан 17 та махсус техника ва қарийб 40 нафар қутқарувчи жўнатилган. Олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида самолёт бортида бўлган тўрт кишидан уч нафарининг жасади топилган. Улардан икки нафари расман ҳалок бўлган деб эълон қилинди. Тўртинчи экипаж аъзосини қидириш ишлари ҳозирда давом эттирилмоқда.
Жанубий Корея президенти вазифасини бажарувчи Ли Чжу-Хо вазиятни шахсан ўз назоратига олиб, мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Ким Сон-хога қидирув-қутқарув ишларини тезлаштириш ҳамда ҳаво кемаси ҳалокати натижасида атроф-муҳитга етказилиши мумкин бўлган зарарларни бартараф этиш бўйича аниқ топшириқ берди.
Ҳодиса юзасидан махсус тергов гуруҳи тузилиб, самолётнинг нима сабабдан ҳалокатга учраганини аниқлаш бўйича кенг қамровли тергов ишлари бошланди. Ҳозирча авариянинг аниқ сабаблари ҳақида расмий маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, P-3C самолётлари Жанубий Корея ҳарбий-денгиз флоти учун жуда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, «сувости кемалари қотили» сифатида танилган. Ҳозирда мамлакатнинг ҳарбий-денгиз кучлари қўлида жами 16 та шундай самолёт мавжуд. Тафсилотлар юзасидан расмий органлар томонидан қўшимча маълумотлар тақдим этилиши кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар