
Италиянинг машҳур Кампи-Флегрей супервулқони ҳудудида сўнгги ойларда кузатилаётган сейсмик фаоллик кучайиши олимлар ва маҳаллий ҳокимиятлар ўртасида жиддий хавотир уйғотмоқда. Daily Mail нашри хабарига кўра, 2025 йилнинг май ойида ушбу ҳудудда охирги 40 йил ичида қайд этилган энг кучли зилзила — 4,4 магнитудали силкиниш содир бўлди. Бу супервулқон фаолияти яна жонланаётгани ҳақидаги даъволарни янада жонлантирди.
Маълумотларга кўра, сўнгги олти ой ичида Кампи-Флегрей ҳудудида 3000 дан ортиқ зилзила қайд этилган. Бу рақам илмий доираларда таҳликали сигнал сифатида баҳоланмоқда. Чунки бу ўта йирик ва хавфли вулқон сўнгги марта 1539 йилда отилган ва ундан буён нисбатан тинчлик кузатилган.
Кампи-Флегрей — Неапол шаҳри яқинидаги қадимий калдера бўлиб, у бир неча минг йиллар давомида содир бўлган вулқон отилишлари натижасида вужудга келган. Бугунги кунда ушбу супервулқоннинг фаоллиги ортса, бу нафақат Италия, балки бутун Европада, балки глобал миқёсда ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Нима учун олимлар хавотирда?
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, Кампи-Флегрейнинг эҳтимолий отилиши Неапол шаҳри ва унинг атрофида яшовчи 4 миллионга яқин аҳоли учун тўғридан-тўғри хавф туғдиради. Зилзилалар, қуйма куллар, лавалар ва портлашлар нафақат маҳаллий, балки халқаро авиация ва иқлим тизимларига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
• Вулкан отилиши Европанинг катта қисмида ҳавони ифлослантириши мумкин.
• Кул қатламлари авиарейсларни тўхтатиб, транспорт алоқаларини издан чиқариши эҳтимолдан холи эмас.
• Атмосферага чиқарилган моддалар қуёш нурини тўсиб, “вулкан қиш” деб аталадиган глобал совуқни келтириб чиқариши мумкин.
Вулқоншунослар нимани айтмоқда?
Мамлакат ва халқаро геофизиклар бу фаоллик ҳар доим ҳам фалокат белгиси эмаслигини урғуламоқда. Уларнинг баҳолашича, жорий ўн йилликда вулқоннинг йирик отилиши эҳтимоли 1 фоиздан 3 фоизгача бўлиши мумкин. Аммо супервулқоннинг ҳар қандай кичик фаоллиги ҳам жиддий мониторинг талаб қилади.
Италия ҳукумати ҳам бу масалада жиддий ҳаракат бошлаган. Неапол атрофида истиқомат қилувчи аҳоли учун махсус таълим ва эвакуация режалари янгиланмоқда. Шунингдек, илмий лабораториялар доимий равишда вулқон остидаги босим, ҳарорат ва газ чиқиндиларини кузатмоқда.
Кампи-Флегрей вулқонининг эҳтимолий уйғониши инсониятга Ернинг табиий кучларини яна бир бор эслатмоқда. Ҳар қанча эҳтимол паст бўлса-да, унга нисбатан лоқайдлик халокатга олиб келиши мумкин. Олимлар ва ҳукуматлар ушбу ҳолатни кузатишда давом этар экан, бизнинг бурчимиз эса — бу воқеликка нисбатан ҳушёр ва хабардор бўлишдир.
Фото: Springer Натуре «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар