
Россия Тергов қўмитаси томонидан Чеченистон хавфсизлик кучлари ўғирлаб кетган тадбиркор Арега Шчепихинга қарши жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда идоранинг матбуот хизмати расмий баёнот берди.
Ҳозирда тадбиркорга нисбатан экстремизмга чорлаш (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 280-моддаси, 2-қисми) ва миллатлараро адоват қўзғаш (282-модданинг 2-қисми «а» банди) айбловлари асосида иш олиб борилмоқда. Терговчиларнинг билдиришича, Арега Шчепихиннинг ижтимоий тармоқларда тарқатган видеоёзувлари ўрганилган ва унинг сўзларида айрим миллат вакилларига қарши зўравонликка чақириқ, камситиш ҳамда қўзғатувчи мазмундаги баёнотлар мавжудлиги аниқланган.
Тергов қўмитасининг расмий маълумотига кўра, яқин вақт ичида тадбиркорга расмий равишда айблов эълон қилинади ва унга нисбатан эҳтиёт чораси белгиланади.
Бу воқеа аввалида тадбиркорнинг ўғирлаб кетилиши билан боғлиқ иш қўзғатилган эди. Тергов қўмитаси бу ҳолат бўйича ҳам тадқиқот олиб боряпти. Бунда ўғирлаш (Жиноят кодексининг 126-моддаси) ҳамда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (286-модда) моддалари асосида текширув давом этмоқда. Ушбу жиноят ишида 6 нафар шахсга нисбатан айблов қўйилган бўлиб, улар 5 июн куни қамоққа олиниши кутилаяпти.
Эслатиб ўтамиз, Шчепихин 3 июн куни кечқурун Москва шаҳридаги Ярославл вокзали майдонида бир гуруҳ шахслар томонидан куч билан «Мерседес» русумли қора рангли автомобилга солиб олиб кетилган эди. Автомобиль Чеченистон ҳукумати билан боғлиқ эканини билдирувчи махсус рақам ва чироқлар билан жиҳозланган бўлган. Чеченистон расмийлари бу ҳолатни «ўғирлаш» эмас, балки Шчепихинга қарши олиб борилаётган суриштирув жараёни билан боғлиқ «қўлга олиш» дея таърифлаганди. Расмийларнинг фикрига кўра, тадбиркор диндорларнинг ҳис-туйғуларини таҳқирловчи ва ножоиз баёнотлар билан танилган.
Шчепихин ижтимоий тармоқларда тарқалган бир қатор видеоларида чечен халқига, Қуръон ва ислом динига нисбатан ножоиз сўзлар ишлатгани маълум бўлган. Шу боисдан чечен хавфсизлик кучлари уни олиб кетиб, махсус «тавба қилиш» жараёнидан ўтказган.
«База» телеграм-каналининг хабар беришича, Арега Шчепихин 4 июн куни ярим тунга яқин озод қилинган. Манбанинг таъкидлашича, хавфсизлик кучлари тадбиркорнинг «тавба қилган»лигини сабаб қилиб кўрсатиб, уни қўйиб юборган.
Айни пайтда ушбу можаро Россия жамоатчилигида кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Баъзи кузатувчилар бу ҳолатнинг мамлакатдаги миллатлараро муносабатларга салбий таъсир кўрсатишидан хавотир билдиришмоқда. Вазиятнинг кейинги ривожланиши ва Тергов қўмитасининг якуний қарори эса кўпчилик учун қизиқ бўлиб қолмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар