
Россияда қўлга олиниб, суд ҳукми билан мажбурий равишда психиатрия шифохонасига жойлаштирилган АҚШ фуқароси Жозеф Татер эндиликда Россия ҳудудини тарк этгани ҳақида хабар берилмоқда. Бу ҳақда 6 июнь куни ТАСС агентлиги ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларига таяниб ёзди.
Маълумотларга кўра, Татер Москвадаги Н.А.Алексеев номидаги психиатрия клиникасида сақланаётган эди. Шифокорлар уни ушлаб туриш учун тиббий асос топилмаганини таъкидлаб, уни амбулатор назорат асосида шифохонадан чиқаришга қарор қилишган. Аммо энг ҳайратланарлиси — у суд қарори билан даволанишга юборилган муассасани қандайдир тарзда тарк этган ва ҳозирда қаерда экани ҳақида аниқ маълумот йўқ.
ТАСС манбаларига кўра, Татер Россия Федерациясини тарк этган. Бу ҳолат расмий органлар учун ҳам кутилмаган ҳол бўлган кўринади. Унинг адвокати Полина Власюк оммавий ахборот воситаларига берган изоҳида “бундай воқеадан умуман бехабар эканини” маълум қилган.
46 ёшли Жозеф Татер 2024 йил августида Москвада Radisson Blu Olympiyskiy меҳмонхонасида юзага келган воқеа ортидан қўлга олинган эди. Тергов маълумотларига кўра, у меҳмонхонага кириш пайтида ходимлар билан жанжал чиқарган ва кейинчалик уни тўхтатиш учун етиб келган полиция ходимига зўравонлик билан қаршилик кўрсатган. Шу асосда унга Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 318-моддаси 1-қисми — “ҳукумат вакилига нисбатан зўравонлик қўллаш” айби қўйилган эди.
2024 йил май ойида Reuters агентлиги томонидан эълон қилинган ҳисоботда, Россияда турли жиноятларда айбланган ва АҚШ томонидан қайтарилиши мумкин бўлган фуқаролар рўйхатида Татернинг номи ҳам бор эди. АҚШ ва Россия ўртасидаги эҳтимолий “алмашинув” доирасида у қайтарилиши мумкин бўлган шахслардан бири сифатида кўрилган.
Ҳозирда Татернинг аниқ қаерга кетгани, қандай тарзда мамлакатдан чиқиб кетгани ва у бундан кейин қайси давлатда юриши мумкинлиги ҳақида расмий маълумотлар мавжуд эмас. Бу ҳолат Россия ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти, суд ва тиббиёт муассасаларидаги назорат тизимига жиддий саволлар туғдирмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар