date
views 10 367

3 минг йиллик сир очилди: қадимги мисрликлар нима учун кўзларига сурма қўйишган?

3 минг йиллик сир очилди: қадимги мисрликлар нима учун кўзларига сурма қўйишган?
Қадимги Миср фрескаларида акс этган фиръавнлар ва маликаларнинг кўзлари атрофидаги қора чизиқлар асрлар давомида нафақат жозибали эстетика, балки зич маънавий маъно ва маданий тимсол сифатида талқин қилиб келинган. Бироқ XXI асрда француз олимлари томонидан олиб борилган илмий тадқиқотлар натижасида ушбу сурма чизиқлар нафақат безак, балки инсон саломатлигига хизмат қилувчи илк тиббий технология бўлгани маълум бўлди.

Лувр олимларининг кутилмаган кашфиёти

Франциянинг Лувр музейи ҳузурида фаолият юритувчи олимлар Филипп Валтер ва Кристиан Аматоре бошчилигидаги тадқиқот гуруҳи қадимги мисрликлар фойдаланган косметик воситаларнинг кимёвий таркибини ўрганишга қарор қилишди. Улар қизиқарли натижага эришишди: сурма бўёғининг таркибидан қўрғошиннинг табиатда учрамайдиган икки синтетик бирикмаси — лаурионит ва фосгенит аниқланди. Бунинг ўзиёқ мисрликлар ўша даврда кимёвий реакцияларни назорат қила олганини ва синтез орқали янги моддаларни ярата олганини кўрсатди.

Аммо энг ҳайратланарли жиҳат шундаки, бу моддалар организмда азот оксидининг ишлаб чиқарилишига рағбат беради. Микроэлектрод ускуналари орқали олиб борилган тадқиқотлар кўрсатишича, микродоза қўрғошин тери орқали сингиб, иммун тизимни 240% фаоллаштириши мумкин экан. Бугунги кунда буни иммуномодулятор деб аташади.

Нил эпидемияларига қарши муҳофаза

Нил дарёсининг ҳар йилги тошқини мисрликларга серҳосиллик олиб келар, лекин бу билан бирга инфекцияларнинг тарқалиши учун катта хавф ҳам туғиларди. Конъюнктивит, трахома каби кўз касалликлари туфайли кўрлик ҳоллари кенг тарқалган эди. Мисрликлар айнан тошқин мавсумида кўзларига махсус ҳимоя косметикасини суртиш орқали инфекцияларнинг олдини олганлар. Археологик топилмалар, айниқса косметик қутича ва папируслар шу ҳақда гувоҳлик беради.

Масканли маданий ва диний тимсол

Сурманинг тиббий фойдаси билан бир қаторда, у диний ахамиятга ҳам эга бўлган. Қадимги мисрликлар учун Хорнинг кўзи — шифо ва соғломлик тимсоли бўлиб, айнан шу символ кўз бўёни орқали ифода этилган. Мисрликлар кўзларини бўяб, нафақат кўзни сақлаш, балки ёвуз руҳлар ва офатлардан Аллоҳдан ҳимоя сўраш мақсадида ҳам бу анъанани риоя қилганлар.

Яшил рангдаги малахит пигменти эса Хатхор — соғломлик ва унумдорлик маъбудаси билан боғлиқ деб ишонилган. Бу рангларнинг танланиши ҳам ҳар бир бўёнинг замиридаги маънавий англашни акс эттиради.

Қадимги кимёвий ечимлар

Сурма таркибини синтез қилиш ортида мисрликларнинг замонасидан илгарилаб кетган билим ва тажрибалари турган. Улар содали кўллардан олинган натрий тузлари ва қўрғошин рудаларини реакциялаштириб, янги кимёвий бирикмаларни синтез қилганлар. Бу жараён мураккаб кимёвий технология ва амалий билимларга асосланган.

Бундан ташқари, мисрликлар ушбу моддаларни мавсумий ҳолатга қараб фойдаланган ва унинг самарадорлигини кузатиб боришган. Папирусларда ҳар бир касаллик учун алоҳида рецепт ва кўрсатмалар ёзиб қолдирилган, бу эса амалий кузатувнинг ҳақиқий фанга айланганини кўрсатади.

Ҳар бир инсон учун зарур восита

Сурма қадимги миср жамиятининг барча қатламларида қўлланилган: фиръавнлардан тортиб, оддий ишчиларгача. Қора чизиқлар ёруғлик ва ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилган, ёғли таркиби эса кўзни чанг ва майда зарралардан муҳофаза қилган.

Қадимги мисрликлар учун сурма нафақат дунёвий ҳаётда, балки ўлимдан кейинги ҳаётда ҳам керак бўлган: қабрларда косметик воситалар тўплами доимо бўлган. Унга инсон охиратда ҳам муҳтож деб ишонилган.

Хулоса
Қадимги Миср цивилизацияси инсон саломатлиги учун нафақат кузатувлар, балки илмий ечимлар асосида мураккаб тизим ярата олган. Улар инфекциялар ҳақидаги замонавий назариялардан минг йиллар аввал профилактикани қўллаб келган. Сурма – бу нафақат безак, балки инсон тарихидаги илк тиббий ҳимоя усули бўлган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » 3 минг йиллик сир очилди: қадимги мисрликлар нима учун кўзларига сурма қўйишган?