date
views 191

Ғазога адолат ва инсонпарварлик учун йўлга чиққан карвонлар фаоллари

Ғазога адолат ва инсонпарварлик учун йўлга чиққан карвонлар фаоллари
9 июнь куни Тунис пойтахтидан Ғазога йўналган одамлар карвони бутун минтақада кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Жамоатчилик фаолларини, инсон ҳуқуқи ҳимоячиларини, шифокорларни ва талабаларни ўзида жамлаган автобуслар ҳамда енгил автомобиллардан иборат автокарвон “адолатсиз қамал”га эътибор қаратиш ва блокада туфайли ёрдамдан маҳрум бўлган Ғазо аҳлига ёрдам етказиш мақсадида йўлга чиқди.

Карвоннинг ташаббускорлари таъкидлашича, уларнинг асосий мақсади – Исроилнинг Ғазога нисбатан кўрсатаётган қаттиқ блокадасини зудлик билан бекор қилиш ва минтақадаги инсонпарварлик инқирозини дунё жамоатчилигига етказишдир. Бу ҳаракатга Шимолий Африка мамлакатларидан – Жазоир, Тунис, Ливия ва Мисрдан кўплаб фаоллар қўшилди. Улар Рафаҳ чегара пунктига етиб боришни ва фаластинликлар билан бирдамликда эканини намойиш этишни мақсад қилган.

Эслатиб ўтамиз, бу карвон икки кун олдин Ўрта Ер денгизи орқали йўлга чиққан, бортида таниқли экофаол Грета Тунберг ва бир қатор европалик депутатлар бўлган кемага Исроил ҳарбийлари томонидан тўсиқ қўйилгани, қатнашчилар қўлга олиниб, депортация қилингани манзарасидан сўнг ташкил этилди. Денгиз орқали ҳаракат қилган “Озодлик флотилияси”нинг йўли тўсилиши эътибор қаратиши билан, фаоллар энди қуруқликдан яна бир ҳаракат бошлашди.

Жазоирдан чиққан карвон Тунис, Ливия ва Миср орқали ўтиб, асосий мақсад — Рафаҳ чегара назорат пунктига етиб бориш. Бу пункт 2024 йил май ойида Исроил ҳарбийлари томонидан эгаллангандан буён деярли ёпиқ ҳолатда қолмоқда ва инсонпарварлик ёрдамининг Ғазога етиб боришини кескин чекламоқда.

Карвон иштирокчилари сафида турли соҳалар вакиллари, ҳуқуқшунослар, шифокорлар, талабалар ва фуқаролик жамиятининг таниқли аъзолари бор. Улар йўл бўйлаб қўшимча тарафдорлар қўшиб, Ливия ҳудудига ўтишдан олдин Тунис жанубидаги шаҳарчаларда тўхташмоқда. Карвоннинг энг асосий шиори: “Ғазодаги халқимиз ёлғиз эмас. Сизларнинг оғриғингиз – бизнинг ҳам оғриғимиз!” эканини намойиш этишдир.

Экспертлар таъкидлашича, Исроилнинг 2,5 ойлик қатиқ блокадаси туфайли Ғазода 2 миллиондан ортиқ аҳоли ўта оғир шароитда, очарчилик ва инсонпарварлик ёрдами танқислигида кун кечирмоқда. Мамлакат фуқаролик жамияти ва фаоллари эса халқаро ҳамжамият, жумладан араб давлатларини жиддий амалий ҳаракатларга ундашга интилмоқда.

Тунис ва Жазоир жамиятларида бу ташаббус катта қўллаб-қувватлашга эга бўлди, карвон йўналиши давомида минтақадаги одамлар ва ахборот воситалари унга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бу ҳаракат бутун дунёга Ғазода инсонпарварлик, тинчлик ва адолат учун кураш майдонида бирдамлик ва ёрдам ҳали ҳам катта аҳамиятга эга эканини яна бир бор кўрсатиб турибди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ғазога адолат ва инсонпарварлик учун йўлга чиққан карвонлар фаоллари