
Эрон президенти Масъуд Пизишкиён парламентдаги нутқи орқали жаҳон ҳамжамиятига аниқ ва равшан сигнал йўллади: Эрон ядровий қурол ишлаб чиқариш ниятида эмас ва бу борадаги барча шубҳалар асоссиз. Президент таъкидлашича, мамлакат атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш ҳуқуқига эга ва бу ҳуқуқни ҳеч ким инкор эта олмайди.
Пизишкиён сўзларига кўра, Эроннинг расмий сиёсати ядровий қуролдан воз кечишга асосланган. Бу масалада мамлакат Олий Раҳнамо томонидан ҳам бир неча бор қатъий баёнот берилган. "Кимки бу йўналишга зид фикр билдирса, у инсонга Эрон сиёсий тизимида ўрин йўқ", — деди у.
Президентнинг фикрича, мамлакат илмий салоҳиятидан фақат тинч ва ижобий мақсадларда фойдаланиши лозим. У шунингдек таъкидлади: “Атом энергиясини тинчлик асосида қўллаш — фақат ҳуқуқимиз эмас, балки халқаро шартномаларда белгиланган ҳақли талаби ҳамдир. Бу борадаги илмий тадқиқотлар ва амалий ишлар Эрон жамияти тараққиётига хизмат қилиши шарт”.
Параллел равишда, Эрон ташқи ишлар вазирлиги ҳам мамлакат Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома (NPT) доирасида ўз мажбуриятларига содиқ қолишини маълум қилди. ТИВнинг расмий баёнотида таъкидланишича, Яқин Шарқда ядровий қуролга мутлақо ўрин бўлмаслиги керак.
Бундай тинч баёнотларга қарамасдан, 13 июнь куни Исроил Эрон ҳудудидаги бир қатор ядро ва мудофаа объектларига ҳаво зарбалари берди. Ҳужум натижасида Теҳрон ва бошқа шаҳарларда стратегик иншоотлар вайрон қилинди. Эрон бу агрессияга жавобан Исроил ҳудудига юзлаб ракета ва дронлар орқали қарши зарбалар йўллади.
Муҳим томони шундаки, ўзаро ҳужумлар тўртинчи кун ҳам давом этмоқда. Эрон расмийларининг таъкидлашича, ҳужумларда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси генераллари, Қуролли Кучлар бош штаби аъзолари ва ядровий соҳадаги мутахассислар ҳалок бўлган.
Бу эскалация минтақадаги барқарорлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солмоқда. Халқаро ташкилотлар ва етакчи давлатлар ҳар икки томонни тинчликка чақирмоқда. Аммо вазият таҳлика билан тобора чуқурлашмоқда.
Эроннинг тинч ядровий сиёсатга содиқ қолиши ва Исроилнинг ҳарбий зарбалари орасидаги зиддият нафақат Яқин Шарқ, балки бутун дунё хавфсизлиги учун синовга айланди. Вақт кўрсатадики, бу зиддият тинчлик томон йўналадими ёки янги можароларга эшик очадими. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар