
Ядровий Таҳдид Барҳам Топдими? АҚШ Зарбалари Нима Берди?
Америка Қўшма Штатларининг Эрондаги ядровий иншоотларга амалга оширган зарбалари ортидан жаҳон оммавий ахборот воситалари ва халқаро экспертлар орасида жиддий баҳслар авж олди. Зарбалари ҳақиқатан ҳам Эрон ядровий дастурини йўқ қилдими? Йўқса бу фақат вақтинча тўхтатишми?
Разведка: ядровий дастур тўлиқ йўқ қилинмади
24 июнь куни CNN ва The New York Times тарқатган маълумотларга кўра, АҚШнинг Фордо, Натанз ва Исфаҳон ядровий мажмуаларига уюштирган зарбалари катта таъсир қилган бўлса-да, дастурни бутунлай бартараф этгани йўқ. Пентагон ва Америка разведка идоралари бу ҳақда Оқ уй билан келишмай, ўзига хос мустақил баёнот бергани диққатга сазовор.
Айни пайтда, ушбу маълумотлар президент Трампнинг ғазабига сабаб бўлди. У журналистларни "ютқазганлар", "ахлат" деб атади ва ҳарбий учувчилардан узр сўраш кераклигини таъкидлади. Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт ҳам бу шубҳаларни президентга қарши сиёсий ҳужум сифатида баҳолади.
Нишонга олинган иншоотлар ва уларнинг ҳолати
АҚШ расмийлари Фордо ядровий заводига 13,6 тонналик 12 та бункербўзар бомба билан зарба берган. Шу билан бирга, Натанз ва Исфаҳон мажмуаларига ҳам ҳаводан ва сувости кемаларидан "Томагавк" ракеталари учирилган. Аммо Bloomberg агентлиги сунъий йўлдош суратлари ва АEХА (Атом энергияси бўйича халқаро агентлик) манбаларига таяниб маълум қилишича, мазкур ҳужумлар асосан ерусти биноларга зарар етказган, реакторлар эса бутун қолган.
Натижада, реакторлардан радиоактив чиқиндилар тарқалмаган ва бу ҳам зарар даражасини пасайтирган асосий далиллардан бири сифатида қайд этилмоқда.
Центрифугалар ва бойитилган уранлар олдиндан кўчирилганми?
Энг қизиқарлиси шундаки, разведка ҳисоботларига кўра, Эрон ушбу объектларга зарба бериш эҳтимоли борлигини олдиндан ҳис қилган ва бойитилган уран захираларини олдин кўчириб, асосий центрифугаларни махфий жойларга жойлаштирган. Бундан ташқари, мамлакатда кўздан йироқда жойлашган кичик махфий лабораториялар ҳам борлиги айтилмоқда.
Бу эса шуни англатадики, Эрон ядровий дастурини фақат катта заводларга боғламай, эҳтиёт режаларни олдиндан тузган ва шу йўл билан эҳтимолий ҳарбий тажовузларга тайёрланган.
Исроилнинг ролини ҳам унутмаслик керак
Экспертлар Исроилнинг АҚШни ушбу ҳужумларга қўшилишга ундаганини таъкидлашмоқда. АҚШ қўлидаги GBU-57А туркумидаги оғир бомбалар Фордо каби тоғ ичида жойлашган иншоотларга етиб бориш имкониятини берган. Бу каби зарбалар ортидан Исроил ўз хавфсизлиги учун хавотир билдирган ва Теҳронга жавоб зарурлигини айтган.
Теҳроннинг расмий муносабати: дастуримиз тўхтамайди
Эрон эса ҳеч иккиланмасдан, ўз ядровий дастурини давом эттириш ниятида эканини билдирди. Мамлакат расмийлари ядровий иншоотларга қилинган зарбалар дастурни тўхтатишга етарли эмаслигини, балки янги стратегиялар орқали қайта фаоллаштиришни бошлашларини айтди.
Оламшумул инқирозга етакловчи қарама-қаршиликлар
Эндиликда, бутунжаҳон ҳамжамиятини савол ўйлантирмоқда: АҚШ ва Исроилнинг ушбу ҳаракатлари ядровий таҳдидни йўқ қилди, ёки аксинча — янги бир хавфли босқичга олиб кирмоқдами? Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, агар сиёсий ва дипломатик ёндашувлар кучайтирилмаса, келажакдаги зарбалар эски хатоларни яна такрорлаши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар