21 августга ўтар кечаси халқаро майдон яна бир даҳшатли воқеага гувоҳ бўлди. Россия қуролли кучлари Украина ҳудудига нисбатан кенг кўламли, бир неча турдаги ракета ва дронлар ёрдамида йўналтирилган қўшма ҳужум уюштирди. Бу ҳақда бир қатор маҳаллий ва хорижий нашрлар, жумладан РБК-Украина ҳам хабар тарқатди.
Хабарларда қайд этилишича, мамлакатнинг шимолий ва марказий минтақаларида кеча ярим тонгга яқин портлашлар овозлари эшитилган. Бу ҳолат аҳоли орасида хавотир ва қўрқув уйғотди.
Маълумотларга кўра, Россия армияси зарбаларни Украинадаги бир қатор стратегик объектларга қаратди. Хусусан, Суми, Днепропетровск, Запорожье, Львов ва бошқа бир неча вилоятларда инфратузилмаларга ва муҳим аҳамиятга эга нуқталарга ҳужум қилингани айтилмоқда. Айни дамга қадар қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида расмий маълумот тақдим этилмаган.
Россия ОАВлари тарқатган маълумотга кўра, ҳужумларда “Кинжал”, “Калибр” ракеталари ҳамда “Шаҳед” туркумидаги дронлар фаол иштирок этган. Шунингдек, стратегик бомбардимончи-ракета ташувчилар — Ту-95МС ва Ту-160 самолётлари орқали узоқ масофага йўналтирилган Х-101 қанотли ракеталари ишлатилгани қайд этилмоқда.
Айрим манбаларда келтирилишича, Қора денгиз акваториясидан учирилган зиркон ракеталари Суми вилоятидаги инфратузилмалардан бирини йўқ қилган. Бироқ бу маълумот ҳозирча расмий томондан тасдиқлангани йўқ.
Шунингдек, Украинага тегишли маълумотларда Днепропетровск вилояти Павлоград шаҳрида учувчисиз аппарати газ компрессор стансиясига зарба бергани ва натижада катта ёнғин келиб чиққанини қайд этмоқда. Бу эса ҳужумларнинг нафақат ҳарбий, балки иқтисодий ва фуқаролик объектларига ҳам қаратилганидан далолат бермоқда.
Экспертлар таъкидлашича, бу турдаги кенг миқёсли ҳужумлар Украинадаги уруш вазиятини янада кескинлаштириши мумкин. Ҳозирча ҳар икки томондан ҳам расмий баёнотлар чегараланган ҳолда берилмоқда, аммо воқеа атрофидаги муҳокамалар жаҳон ОАВларида тобора кучайиб бормоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!