date

Саратон тадқиқотларига энг кўп маблағ ажратган давлатлар

Саратон тадқиқотларига энг кўп маблағ ажратган давлатлар

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда ҳар олтита ўлимдан бири саратон касаллиги ҳиссасига тўғри келади. Шу боис бу хасталикни чуқур ўрганиш, унинг сабабларини таҳлил қилиш ва эрта аниқлаш бўйича йирик лойиҳаларга катта маблағ йўналтирилмоқда, деб ёзди “The Lancet Oncology” нашри.

Таҳлилларга кўра, 2016–2023 йиллар оралиғида бутун дунёда саратон касалликларини ўрганиш учун жами 51,4 миллиард евро қийматидаги 108 мингта грант ажратилган. Унда давлат маблағлари ва хайрия ташкилотларининг ҳиссаси инобатга олинган, аммо хусусий сектор сарф-харажатлари ҳисобга олинмаган.

Қайси давлатлар етакчи?

  • АҚШ — глобал маблағларнинг 57 фоизи (25,2 млрд евро)

  • Европа Иттифоқи давлатлари — 16,8 фоиз (7,4 млрд евро)

  • Буюк Британия — 11,1 фоиз (4,9 млрд евро)

  • Япония — 3,6 фоиз (1,6 млрд евро)

  • Австралия — 2,9 фоиз (1,3 млрд евро)

  • Канада ва Хитой — 2,6 фоиздан (1,3 млрд евро)

Аниқланишича, АҚШ саратон тадқиқотларига энг кўп маблағ йўналтириб келаётган ягона мамлакат сифатида етакчиликни сақлаб турибди. Бироқ, Европа давлатлари ҳам миллиардлаб евро ажратиб, бу йўналишда салмоқли ҳисса қўшган.

Камбағал мамлакатлар нега ортда қолмоқда?

Тадқиқотга кўра, ажратилган маблағларнинг асосий қисми бой давлатлар ҳиссасига тўғри келади ва уларнинг катта қисми ўз ички лойиҳаларига йўналтирилган. Шу билан бирга, ривожланаётган мамлакатлар бу йўналишга атиги 48,4 миллион евро ажратган холос.

Қайси соҳаларга кўпроқ маблағ кетмоқда?

Ажратилган маблағларнинг 76 фоизи лаборатория тадқиқотларига сарфланган. Айниқса, кўкрак бези саратони ва қон саратони каби кўп тарқалган турларни ўрганиш, шунингдек клиник синовларни молиялаштириш алоҳида устуворликка эга бўлган.

Мутахассислар таъкидлашича, бундай йирик сармоялар нафақат янги дорилар яратиш, балки касалликни эрта аниқлаш ва унинг олдини олишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Саратон тадқиқотларига энг кўп маблағ ажратган давлатлар