Эквадордаги ноёб синдром олимларни саратон сирига яқинлаштирмоқда

Эквадорнинг жанубидаги Анд тоғлари бағрида жойлашган Пиньяс шаҳри олимлар диққатини тортган ноёб ҳодиса билан машҳур. Атиги 8 минг аҳоли яшайдиган ушбу ҳудудда Ларон синдромига чалинган инсонлар сони дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Олимлар эса айнан шу кам учрайдиган ирсий ҳолат келажакда саратоннинг олдини олишга ёрдам бериши мумкинлигини таъкидламоқда.
Ларон синдроми инсон организмининг ўсиш гормонига жавоб қайтариш қобилиятини йўқотади. Шу сабабли беморларнинг бўйи одатда 1,2 метрдан ошмайди. Бироқ тадқиқотлар ушбу синдромга эга инсонларда саратон ва қандли диабет бошқаларга нисбатан анча кам учрашини кўрсатган.
Пиньяслик эгизак опа-сингиллар Мария Луиса Ромеро ва Мария дель Сисне ҳам ушбу синдром билан туғилган. Уларнинг айтишича, ҳаёт давомида кўплаб қийинчиликларга дуч келишган, аммо доимо бир-бирини қўллаб-қувватлаб келган.
«Биз ҳар доим кучимизни бирлаштирамиз ва бир-биримизни ҳимоя қиламиз», — дейди Мария Луиса.
Ларон синдромини 40 йилдан ортиқ вақтдан бери ўрганиб келаётган эндокринолог доктор Хайме Гевара олимларнинг асосий мақсади ушбу синдромдаги ҳимоя механизмларини дори ёки парҳез орқали соғлом инсонларда ҳам такрорлаш эканини айтди.
Бу касаллик илк бор 60 йил аввал исроиллик педиатр Зви Ларон томонидан аниқланган. Бугунги кунга келиб бутун дунёда 840 нафар бемор расман қайд этилган бўлиб, уларнинг катта қисми Эквадорнинг Эл-Оро ва Лоха ҳудудларида яшайди.
Доктор Гевара ва америкалик олим Валтер Лонго 100 нафар Ларон синдромига эга бемор ҳамда 1600 нафар соғлом қариндошларини 22 йил давомида кузатди.
Тадқиқот натижаларига кўра, Ларон синдромига эга иштирокчилар орасида бирорта ҳам диабет ҳолати қайд этилмаган, фақат битта енгил кечган саратон ҳолати аниқланган. Шу билан бирга, назорат гуруҳидаги одамларнинг 5 фоизида диабет, 17 фоизида эса саратон ташхиси қўйилган.
Олимлар бу ҳолатни организмда IGF-1 деб аталувчи ўсиш омили жуда паст бўлиши билан изоҳламоқда. Уларнинг фикрича, айнан шу омил саратон ҳужайраларининг яшаб қолишига таъсир қилиши мумкин. Аммо мутахассислар бу назарияни тўлиқ тасдиқлаш учун яна қўшимча тадқиқотлар зарурлигини таъкидламоқда.
Бироқ Ларон синдроми инсонни мутлақо касалликлардан ҳимоя қилмайди. Буни эгизаклардан бири — Мария дель Сиснега икки йил аввал йўғон ичак саратони ташхиси қўйилгани ҳам тасдиқлади. У жарроҳлик ва кимётерапиядан сўнг соғайган.
«Шунда биз бу касалликлардан тўлиқ ҳимояланмаганимизни англадик. Энди соғлиғимизга эътибор беришимиз, спорт билан шуғулланишимиз ва тўғри овқатланишимиз кераклигини тушундик», — дейди у.
Ларон синдромини даволаш учун Increlex препарати мавжуд. Агар у болаликда қабул қилинса, бўй ўсишига ёрдам бериши мумкин. Бироқ дори жуда қиммат — бир шишаси 800 доллардан зиёд туради, болага эса ҳар ой камида уч шиша керак бўлади.
Бугун 40 ёшга тўлган Мария Луиса ва Мария дель Сисне бу имкониятдан фойдалана олмаган. Шунга қарамай, улар ўз ҳаётини қабул қилган.
«Мен ўзимни қандай бўлсам, шундайлигимча қабул қилдим ва Аллоҳга мени шундай яратгани учун шукр қиламан», — дейди Мария Луиса.
Агар олимларнинг изланишлари кутилган натижани берса, Эквадорнинг кичик Пиньяс шаҳрида яшовчи Ларон синдромига эга инсонлар инсониятни саратонга қарши янги даволаш усуллари сари етаклаши мумкин.






























Изоҳлар 0
…