Олимлар саратонга сабаб бўлиши мумкин инфекцияларни аниқлади

Олимлар саратонга сабаб бўлиши мумкин инфекцияларни аниқлади
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • 2024-йилда аниқланган саратон ҳолатларининг қарийб 12 фоизи, яни тахминан 2,3 миллион бемор инфексиялар билан боғлиқ бўлган.
  • Тадқиқотда Ҳеликобактер пйлори, инсон папиллома вируси (HPВ), Б ва К гепатити вируслари ҳамда Эпстеин–Барр вируси саратон ривожланишига олиб келиши мумкин бўлган асосий инфексиялар сифатида кўрсатилган.

Дунёда ҳар саккизинчи саратон ҳолатига айрим инфекциялар сабаб бўлиши мумкин. Янги тадқиқотда олимлар саратон ривожланиши билан боғлиқ бўлган бир нечта инфекция турларини аниқлади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, улар туфайли келиб чиқадиган кўплаб ҳолатларнинг олдини олиш имкони бор.

Саратонни ўрганиш бўйича халқаро агентлик (IARC) олимлари ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, 2024 йилда дунёда қайд этилган барча саратон ташхисларининг қарийб 12 фоизи инфекциялар билан боғлиқ бўлган. Бу тахминан 2,3 миллион нафар бемор дегани. Илмий тадқиқот натижалари The Lancet Oncology журналида чоп этилган.

Тадқиқотчилар саратон ривожланишига олиб келиши мумкин бўлган асосий инфекциялар қаторига Helicobacter pylori бактерияси, инсон папиллома вируси (HPV), B ва C гепатити вируслари, шунингдек, Epstein–Barr вирусини киритган.

Таҳлиллар шуни кўрсатганки, янги саратон ҳолатларининг қарийб 4 фоизи H. pylori бактерияси билан боғлиқ бўлган. Яна тахминан 4 фоиз ҳолатга HPV сабаб бўлган. B гепатити вируси қарийб 2 фоиз, Epstein–Barr вируси эса 1 фоиз ҳолатда аниқланган.

Олимларнинг маълум қилишича, инфекциялар 20 дан ортиқ саратон тури ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. Улар орасида ошқозон, жигар ва бачадон бўйни саратони, шунингдек, қон саратонининг айрим турлари ҳам бор.

Инфекцияларнинг саратон ривожланишига таъсири бир хил эмас. Айрим вируслар ҳужайралар фаолиятини издан чиқариши ёки ўзининг ДНКсини инсон ҳужайраларига киритиши мумкин. Бу эса ҳужайраларнинг нормал ишлаш жараёнига таъсир кўрсатади.

Бактериялар эса организмда узоқ вақт давом этадиган яллиғланиш жараёнини келтириб чиқариши мумкин. Бундай ҳолат ҳужайраларда мутациялар юзага келиш эҳтимолини оширади ва вақт ўтиши билан саратон ривожланишига шароит яратиши мумкин.

Шу билан бирга, олимлар мазкур инфекциялар туфайли юзага келадиган кўплаб саратон ҳолатларининг олдини олиш мумкинлигини таъкидламоқда. Бунинг учун мавжуд тиббий имкониятлардан ўз вақтида фойдаланиш муҳим.

Ҳозирги кунда HPV ва B гепатитига қарши вакциналар мавжуд. Шунингдек, Helicobacter pylori инфекциясини махсус текширувлар орқали аниқлаш ва антибиотиклар ёрдамида даволаш мумкин.

C гепатитини даволашда эса вирусга қарши дорилардан фойдаланилади. Мутахассисларнинг фикрича, инфекцияларни эрта аниқлаш, профилактика чораларига амал қилиш ва мавжуд даволаш усулларидан фойдаланиш саратоннинг айрим турларини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар