Швейцария ўзининг сунъий интеллект ва тил моделлари орасида янги босқични очиб, ChatGPT, Llama ва DeepSeek каби машҳур платформаларга муқобил сифатида LLM Apertus номли миллий йирик тил моделини жорий қилди.
Бу модель Швейцариянинг етакчи университетлари ва илмий марказлари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, имкониятлари ва функционал жиҳатдан 2024 йилги Meta’s Llama 3 билан таққослаш мумкин, деб хабар берди SWI swissinfo.ch.
Янгилик шу билан қизиқки, жамоа томонидан ушбу тизимни яратишда асосий эътибор олимлар, тадқиқотчилар ва бизнеслар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратишга қаратилган. Улар Американинг йирик технологик корпорациялари билан рақобатлашишни мақсад қилмаган ва Apertus’ни глобал бозорга тўлиқ очиқ қилишга ҳаракат қилмоқда.
Apertus бутунлай шаффоф ва очиқ тизим сифатида ишлайди. Моделнинг ҳар бир тафсилоти, архитектураси ва алгоритмлари омма учун эътироф этилган ва очиқ. Шу боис, тадқиқотчилар, дастурчилар, стартаплар ва давлат идоралари ушбу моделни ўз серверларига юклаб олишлари, шунингдек, маълумотларини мустақил равишда бошқаришлари мумкин.
Шу билан бирга, олимлар аллақачон соғлиқни сақлаш, таълим ва иқлим соҳаларида Apertus асосида янги лойиҳаларни синовдан ўтказишмоқда, деб хабар берди tech.liga.net. Улар ушбу миллий платформа орқали соҳа мутахассислари учун инновацион ечимлар ва сунъий интеллект хизматларини тақдим этиш имконини кўришмоқда.
Мутаҳассисларнинг фикрига кўра, Apertus’нинг очиқ ва шаффоф платформа сифатида ишлаши, Швейцария ва Европа Иқтисодий Хамжамиятида солиқ, ҳуқуқ ва ахборот хавфсизлиги жиҳатидан катта афзалликлар беради. Шунингдек, моделдан фойдаланиш орқали илмий тадқиқотлар ва лойиҳаларда янги инновацион ечимларни ривожлантириш осонлашади.
Янги Apertus модели сунъий интеллект соҳасида миллий мустақиллик ва хавфсизликни таъминлайди ҳамда келажакда глобал инновацион платформалар орасида ўз ўрнини топиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!