Қирғизистонда 2025–2026 йилги қиш мавсуми одатдагидан кўра анча оғир кечиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Энергетика вазири Таалайбек Ибраев “Кабар” ахборот агентлигига берган суҳбатида алоҳида тўхталиб ўтди.
Унинг таъкидлашича, асосий муаммо — “Тўқтағул” гидроэлектростанциясида сув заҳираларининг камайиб кетиши билан боғлиқ.
“Ўтган йил билан таққослаганда 1,6 миллиард куб метрга кам сув мавжуд. Масалан, 2024 йилда сув миқдори 12,4 миллиард куб метр бўлган ва бу ҳам етарли эмасдек кўринганди. Жорий йилда эса бундан ҳам кам. Бу эса тақрибан 1,6 миллиард киловатт электр энергиясининг йўқолишига олиб келади”, — деди Ибраев.
Вазир аҳолини ҳам қонунларга риоя қилишга ва электр энергиясидан тежамкор фойдаланишга чақирди. Унинг фикрича, ҳар бир истеъмолчи масъулиятни ҳис қилиб ҳаракат қилмаса, муаммолар янада оғирлашиши мумкин.
Ибраев қўшимча қилиб, энергетика соҳасидаги инқирозни 2028 йилгача тўлиқ ҳал этиш режалаштирилаётганини билдирди.
Аввалроқ, Бош вазир ўринбосари Бахит Тўрабоев ҳам 2025 йилда мамлакат бўйича электр энергияси истеъмоли 18,9 миллиард киловатт/соатгача етиши кутилмоқда, деб маълум қилганди. Йилнинг етти ойи давомида ишлаб чиқариш 9,24 миллиард киловатт/соатни ташкил этди. Қишдан осонроқ чиқиш учун Қирғизистон Қозоғистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Россиядан жами 4,03 миллиард киловатт/соат электр энергияси харид қилиши режалаштирилган.
Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда мамлакатдаги умумий истеъмол 17,8 миллиард киловатт/соатни ташкил этган.
“Тўқтағул” сув омбори 1970-йиллар ўрталарида қурилган бўлиб, бугунги кунда нафақат Қирғизистон, балки Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистоннинг сув таъминотига ҳам катта таъсир кўрсатади. Омборнинг лойиҳавий ҳажми 19,5 миллиард куб метрга тенг.
2024 йилда бу омбордаги сув сатҳи сўнгги беш йилдаги энг паст кўрсаткичга тушиб кетганди. Шунингдек, ўтган йил 2 февралда Бишкекдаги иссиқлик электр станциясида йирик авария содир бўлиб, гидроэлектр станциялар юки кескин ортган. Бу эса “Тўқтағул”дан сув чиқариш ҳажмини ҳам оширишга мажбур қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 январь куни омбордаги сув миқдори бор-йўғи 11 миллиард 96 миллион куб метрни ташкил қилган эди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!