АҚШда федерал ҳукуматнинг вақтинча молиялаштириш масаласи бўйича сиёсий тортишув янада кучайди. Оқ уйнинг Бошқарув ва бюджет бошқармаси (Office of Management and Budget — OMB) федерал идораларга ҳукумат иши тўхташи эҳтимолига тайёргарлик кўришни тавсия қилди. Бу ҳақда 30 сентябр куни OMB директори Рассел Воут ижтимоий тармоқда эълон қилган баёнотида маълум қилди.
Шатдаун учун тайёргарлик
Воутнинг таъкидлашича, ҳукумат агентликлари эндиликда ўзларининг «тартибли шатдаун режалари»ни ишга туширишлари лозим. У федерал идораларни вазият ривожини диққат билан кузатишга чақирди ва OMB кейинги қадамлар бўйича доимий равишда йўл-йўриқ бериб боришини билдирди.
«Демократлар ўзларининг қаттиқ ва мувозанатсиз позицияларини қанча вақт сақлаб қолиши номаълум. Шу боис шатдаун қанча муддатга чўзилишини олдиндан башорат қилиш жуда қийин», — деб ёзди OMB раҳбари.
Сенатдаги тўсиқлар
Маълумки, АҚШ Сенати ҳукумат ишини узоқ муддатга таъминлаб туриши мумкин бўлган икки қонун лойиҳасидан бирортасини ҳам маъқуллай олмади. Бу ҳужжатларнинг ҳар бири камида 60 овоз тўплаши зарур эди. Бироқ республикачилар таклиф этган қонун лойиҳаси, гарчи АҚШ Вакиллар палатасида маъқулланган бўлса-да, Сенатда етарли қўллаб-қувватлашга эга бўлмади.
Демократлар ҳам ўз таклифларини илгари суришди, аммо улар ҳам керакли миқдордаги овозларни йиғишда муваффақият қозона олмади.
Келишмовчиликларнинг асосий сабаби
Мутахассисларнинг фикрича, тортишувнинг марказида соғлиқни сақлаш харажатлари билан боғлиқ масалалар турибди. Ҳар икки партия ўз позицияларида қаттиқ туриб олгани сабабли, ҳозирча келишувга етишнинг имконияти йўқдек кўринмоқда.
Шатдаун вақти
Маълумотларга кўра, ҳукуматнинг вақтинча ишини тўхтатиш — яъни шатдаун 30 сентябрдан 1 октябрга ўтар кечаси, маҳаллий вақт билан ярим тунда (Тошкент вақти билан чоршанба куни соат 9:00 да) бошланиши мумкин. Бу эса федерал идораларда хизмат кўрсатиш жараёнини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб қўйиши эҳтимолини оширади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!