Толибон Афғонистонда интернет бутунлай узилгани ҳақидаги хабарларни расман рад этди. Al Jazeera хабарига кўра, Толибон бу ҳолатни “эскирган толали-оптик кабелларни алмаштириш билан боғлиқ вақтинчалик техник муаммо” деб изоҳлади. Расмий баёнотда, “Интернетни тақиқлаганимиз ҳақидаги гаплар асоссиз” дейилади.
Бироқ, Netblocks глобал тармоқ кузатув ташкилоти 29-сентябрь куни 43 миллион аҳолига эга мамлакатда интернетнинг тўлиқ блокланганини қайд этди. Шу даврда телефон алоқасида ҳам муаммолар юзага келган.
Толибон аввал ҳам айрим вилоятларда “ахлоқий бузилишларга қарши кураш” сабабли интернет хизматларини чеклаб келган. Масалан, Балх вилоятида толали-оптик интернет бутунлай тўхтатилган, шунингдек, Бадахшон, Тахор, Ҳилманд, Қандаҳор ва Нангарҳор вилоятларида ҳам шунга ўхшаш чекловлар жорий этилган.
TOLOnews телеканали хабарига кўра, Толибон мобил қурилмаларда 3Г ва 4Г хизматларини бир ҳафта ичида тўхтатиш бўйича топшириқ берган, маҳаллий манбаларга кўра, 8 мингдан ортиқ алоқа устунлари вақтинча ўчирилган.
Интернетнинг узилиши шахсий мулоқот билан бирга авиация, банк тизими ва савдо фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатган. Бу воқеа мамлакат шарқида 2 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган кучли зилзиладан атиги бир неча ҳафта ўтиб содир бўлган. 1-октябрь куни Афғонистонда интернет ва алоқа хизматлари қайта тикланди.
Афғонистонда интернет ва алоқа хизматлари қайта тикланди
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар