Копенҳагенда ўтказилган матбуот анжуманида Дания ҳарбий разведка хизмати (FE) директори Томас Ахренкиел Россия НАТО ичида ишончсизлик уйғотиш, Ғарбнинг Киевга ёрдамини сусайтириш учун гибрид босим ўтказаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги ҳафталарда мамлакатда авиаҳавзалар устида кузатилган номуайян дронлар айнан шу стратегиянинг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.
Дронлар ҳаракати сабаб Копенҳаген ва Олборг аэропортлари вақтинча ишини тўхтатди, фуқаролик дронлари учун ҳаво ҳудуди ҳам чекланди. Полиция ва ҳарбийлар иштирокида олиб борилган текширувлар давомида оператор аниқланмаган, аммо ҳодисалар кетма-кетлиги уларни давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳаракатларга ўхшатмоқда.
Ахренкиел гибрид урушни “қуролли тўқнашув чегарасидан пастда туриб босим ўтказиш” сифатида таърифлаб, бунда киберхужум, дезинформация, саботаж ва иншоотлар яқинидаги дрон парвозлари каби усуллар ишга солинишини тилга олди. У, шунингдек, айрим ҳолларда Дания кемаларига нисбатан денгизда провокацион манёврлар қайд этилганини эслатди.
Шу билан бирга, Дания мудофаа вазири Троэлс Лунд Поулсен мамлакат “уруш томон кетяпти” деган фикрга қўшилмаслигини, тўғридан-тўғри ҳарбий таҳдид йўқлигини айтди. У ҳодисалар юзасидан суриштирув давом этаётганини, лекин ҳозирча айни ижрочиларга доир қатъий далил йўқлигини қўшимча қилди.
ЕИ саммити арафасида Европадаги бир қатор давлатларда дронларга оид ўхшаш ҳодисалар қайд этилгани, айрим аэропортлар иши тўхтаб қолгани умумий хавотирни оширди. Копенҳагенда хавфсизлик чоралари кучайтирилди, иттифоқдошлар билан дронга қарши тизимлар бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.
Расмий Копенҳагеннинг баёнотига кўра, бундай босимнинг мақсади — иттифоқдошлар ўртасида келишмовчилик кучайтириш, Украинага кўрсатилаётган ёрдамни камайтириш ва стратегик қарорларни сустлатиш. Дания томони эса жабҳада эмас, балки ҳуқуқий, техник ва дипломатик майдонларда жавоб қайтаришни мақсад қиляпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!