Мянманинг марказида жойлашган Чаунг-У шаҳарчасида ҳарбий режимга қарши тинч юриш ва буддавийларнинг Тадингют (Чироқлар байрами) тадбирлари қонли таҳқирга айланди. Гувоҳлар айтишича, мотопараплан (моторли параплан) ҳаводан бомба ташлагани ортидан майдондаги одамлар пароканда бўлди. Расмий маълумотларга кўра, камида 40 киши, жумладан болалар ҳаётдан кўз юмди, яна тахминан 80 нафар фуқаро турли даражада жароҳат олган.
Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар, хусусан Amnesty International, ҳодисани кескин қоралаб, тинч аҳолини ҳимоя қилиш, халқаро гуманитар ҳуқуқ қоидаларига қатъий амал қилиш зарурлигини таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, ҳарбийлар мамлакатнинг катта қисмида назоратни йўқотганига қарамай, қаршилик кўрсатилаётган ҳудудларга ҳаводан ҳам, ердан ҳам ҳужумларни давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Мянма 2021 йилги ҳарбий тўнтаришдан бери ички тўқнашувлар гирдобига тушиб қолган. Ҳарбий хунтага қарши қуролли ва сиёсий қаршилик кучайгани, айниқса, сўнгги ойларда фуқаролар яшайдиган ҳудудлар учун хавфни янада оширгани қайд этилмоқда.
Режага кўра, 2025 йил декабрида тўнтаришдан кейинги илк сайловлар ўтказилиши керак. Бироқ кузатувчилар бу жараённи ҳақиқий сиёсий инклюзиядан кўра «кўзбўямачилик» деб баҳоламоқда ва сайлов ёқинлашиши зўравонликнинг янги тўлқинига туртки бериши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқда.
Чаунг-Удаги ҳужум ортидан жабрланувчиларга шошилинч тиббий ёрдам ва қон топшириш бўйича чақириқлар берилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар жиноятни тезкор ва холис тергов қилиш, айбдорларни жавобгарликка тортиш, энг муҳими — тинч аҳолини ҳимоялаш бўйича амалий чоралар кўришга чақирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!