Россия Банки янги 500 рубллик купюра дизайни учун ўтказилаётган онлайн овоз бериш жараёнини вақтинча тўхтатди. Регуляторнинг расмий баёнотида қайд этилишича, овоз бериш натижаларида сунъий фаоллик ва сохта овозлар қайд этилгани аниқланган.
Маълумотларга кўра, танловда икки асосий вариант — Кавказнинг энг баланд чўққиси ҳисобланган Эльбрус ва Чеченистон пойтахтидаги замонавий мажмуа Грозный-Сити рақобатлашган.
Россия Банки билдиришича, овоз бериш жараёнида айрим техник ва ахборот хавфсизлигига оид қоидалар бузилган. Шу боис, танлов якунидаги ҳисоб натижалари ҳақиқий ҳолатни акс эттирмаслиги мумкинлиги таъкидланди.
Қизиғи шундаки, бир кун олдин Чеченистон раҳбари Рамзан Кадиров ўз Telegram канали орқали Грозный манфаатига овоз берган фойдаланувчилар учун қўшимча рағбатлантириш танловини эълон қилган эди. У 10 нафар ғолибга iPhone смартфонларини тақдим этишни ваъда қилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!