Японияда тарихий воқеа рўй берди – Сана Такаичи мамлакатнинг биринчи аёл бош вазири бўлди. У Токио шаҳрида ўз лавозимини расман бошлади. Бу воқеа кўплаб япон аёллари учун илҳом манбаи бўлди, чунки мамлакат сиёсатида эркаклар асрлар давомида етакчилик қилиб келган.
Такаичи ўзини Буюк Британия собиқ бош вазири Маргарет Тетчер билан солиштириб, “Япониянинг темир хоними” деб атайди. У болали оилаларга солиққа имтиёзлар бериш ва иш жойларида болалар боғчалари очувчи корхоналарни рағбатлантиришни таклиф қилган. Бироқ у аёлларнинг анъанавий оилавий ролини сақлаб қолиш тарафдори эканини ҳам таъкидлаб келади.
Жаҳон иқтисодий форуми ҳисоботига кўра, Япония гендер тенглиги бўйича 148 давлат орасида 118-ўринда туради. Парламент аъзоларининг атиги 15,7 фоизи аёллардан иборат. Мамлакатда аёллар таълимли ва малакали бўлса-да, уларнинг сиёсат ва бизнесдаги улуши ҳануз пастлигича қолмоқда.
Такаичи олдида катта синовлар турибди: иқтисодий инқироз, инфляция ва сайловчиларнинг ишончини тиклаш. Унинг сиёсатида аёллар ҳуқуқлари асосий мавзу бўлиши кутилмаяпти, бироқ у тарихга Япониянинг илк аёл бош вазири сифатида киради.