
Россия Фанлар академияси олимлари Сибирнинг йирик дарёларидан бири бўлган Об дарёси сувини Марказий Осиёга йўналтириш масаласини қайта кун тартибига чиқарди. Мазкур ғоя Совет Иттифоқи даврида ҳам “Бурилиш” номи остида муҳокама қилинган, аммо ўша пайтда амалга ошмай қолган эди.
Эндиликда мутахассислар мазкур режани замонавий технологиялар асосида қайта кўриб чиқишмоқда. Лойиҳанинг асосий тамойили — Сибир сувларини махсус ёпиқ пластик қувурлар орқали 2100 километргача узатиш ва уни Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон ҳудудига етказиб беришдан иборат.
Олимлар РБК нашрига билдиришича, бу йўналишни амалий жиҳатдан баҳолаш, муҳандислик имкониятларини ўрганиш ва экотизимга таъсирини аниқлаш бўйича жиддий муҳокамалар бошланган. Шу билан бирга, лойиҳа амалга оширилса, Оролбўйи минтақасидаги сув танқислигини юмшатишга хизмат қилиши мумкинлиги ҳам қайд этилмоқда.
Ҳали якуний қарор қабул қилинмаган бўлса-да, Сибир сувларини Марказий Осиёга ўтказиш ғояси яна бир бор жамоатчилик диққат марказига қайтди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.