
Ямайкада октябрь охирида куч билан ёпирилган аср бўрони — «Мелисса» ортидан юқумли ва ўта хавфли лептоспироз касаллиги шиддат билан авж ола бошлади. Reuters хабарига кўра, табиий офатдан кейин юзага келган эпидемиологик вазият мамлакатни жиддий ташвишга солмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, ушбу касаллик туфайли ҳозиргача олти нафар инсон ҳалок бўлган. Катта кучга эга бўлган 5-тоифали «Мелисса» бўрони 28 октябрь куни Кариб денгизидаги оролга дахшатли куч билан ташланган. Кучли ёмғирлар сабаб 76 сантиметргача сув ёйилиб, кўламли тошқинлар ва кучкиларни келтириб чиқарган. Мутахассислар таъкидлашича, айни шу ифлосланган сув ҳудудларда инфекция тарқалиши учун идеал шароит яратган.
Ямайка Соғлиқни сақлаш вазири Кристофер Туфтон 21 ноябрь куни маълумот бериб, 30 октябрдан 20 ноябргача бўлган даврда тўққизта тасдиқланган ва яна 28 та гумон қилинган ҳолат қайд этилганини айтди. Вазирнинг айтишича, вазият тобора жиддийлашиб бормоқда.
Лептоспироз сутемизувчи ҳайвонлар, асосан кемирувчилар пешоби билан булғунланган сув ёки тупроқ орқали юқади. Инфекция инсон танасига теридаги яралар ҳамда кўз, оғиз ва бурун шиллиқ қаватлари орқали кириши мумкин.
Дастлаб касаллик гриппга ўхшаш белгилари — иситма, мушаклар оғриғи, бош оғриғи билан бошланади. Бироқ вақт ўтиши билан у оғир ҳолатга ўтиб, буйрак етишмовчилиги, жигар шикастланиши, менингит ёки ички қон кетишга ҳам олиб келиши мумкин.
«Эпидемия айнан бўрондан сўнг бошланди. Одамлар сув босган ҳудудларда ифлос сув ва тупроқ билан бевосита алоқада бўлгани инфекция тарқалишини тезлаштирди», — дея таъкидлади Туфтон матбуот анжуманида.
Қайси тоифалар юқори хавф остида?
Вазирлик қуйидаги аҳоли қатламларини энг катта хавф гуруҳи сифатида қайд этди:
• сув босган ҳудудларда яшаётган аҳоли;
• деҳқон ва фермерлар;
• тозалаш ва қутқарув ишлари билан шуғулланувчи ходимлар;
• фавқулодда вазиятлар хизматлари;
• офат оқибатларини бартараф этаётган кўнгиллилар.
Ямайка ҳукумати ҳисоб-китобларига кўра, «Мелисса» тўфони мамлакатга тахминан 10 миллиард долларга яқин иқтисодий зарар келтирган. Бу маблағлар асосан туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига етказилган талофатлар билан боғлиқ бўлиб, қарийб 200 мингта бинога турли даражада шикаст етган.
Ҳозирча эпидемиянинг қай даражагача ёйилиши номаълум, аммо ҳукумат барча кучни хавфни тизгинлашга ва одамлар саломатлигини ҳимоя қилишга йўналтирган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.