date

Болгария еврони қабул қилди: тарихий қарор кучга кирмоқда

Болгария еврони қабул қилди: тарихий қарор кучга кирмоқда

1 январдан бошлаб Болгария расман еврога ўтади ва шу тариқа евроҳудуднинг 21-аъзосига айланади. Пайшанба куни кучга кирадиган мазкур қарор мамлакатнинг миллий валютаси — болгария левидан воз кечиш бўйича кўп йиллик жараёнга нуқта қўйди.

Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Болгарияни ушбу қадам билан қутлаб, буни узоқ йиллик изчил меҳнат ва мақсадга содиқлик самараси сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, еврога ўтиш оддий тўловлар, осонроқ саёҳатлар ва болгар бизнеси учун янги имкониятларни очиб беради.

Шу билан бирга, еврони қабул қилиш мамлакат ичида кескин баҳслар фонида кечмоқда. 2025 йил давомида Болгарияда миллий валюта — левни сақлаб қолиш тарафдорлари томонидан кенг кўламли норозилик ҳаракатлари ўтказилди. Евро мухолифлари нархлар ошиши ва иқтисодий мустақилликка путур етишидан хавотир билдирди.

Бунга қарамасдан, кетма-кет алмашган ҳукуматлар евроҳудудга қўшилишни стратегик мақсад сифатида кўриб келди. Ислоҳот тарафдорларининг фикрича, евро иқтисодиётни барқарорлаштиради, савдони енгиллаштиради, Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни кучайтиради ва мамлакатнинг ташқи таъсирларга, жумладан, Россия таъсирига нисбатан заифлигини камайтиради.

Сўнгги йилларда Болгарияда сиёсий беқарорлик давом этди. Коррупцияга қарши чиқишлар консерватив ҳукуматнинг қулашига олиб келди, мамлакат эса охирги беш йил ичида саккизинчи сайлов остонасида турибди.

Иқтисодий жиҳатдан эса Болгария анча вақтдан бери евро билан чамбарчас боғланган эди. 1990-йиллардаги гиперинфляциядан кейин лев аввал немис маркасига, кейинчалик еврога боғлаб қўйилди. Валюта барқарорлигини назорат қилиш эса Европа Марказий банкига топширилди. Мутахассислар фикрича, евроҳудудга қўшилиш Болгарияга барқарор нархлар, арзон молиялаштириш ва Европа бозорида савдони янада осонлаштириш каби муҳим устунликлар беради.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Болгария еврони қабул қилди: тарихий қарор кучга кирмоқда