Ҳиндистонда ифлос сувдан 10 киши вафот этди

Ҳиндистоннинг Индор шаҳрида ифлосланган ичимлик суви сабаб ичкетиш касаллиги кенг тарқалди. Ушбу ҳолат оқибатида камида 10 киши вафот этди, мингдан ортиқ аҳоли тиббий ёрдамга мурожаат қилди. Индор шаҳри илгари бир неча бор мамлакатнинг “энг тоза шаҳри” деб эътироф этилган эди.
Маълумотларга кўра, касаллик декабрь ойи охиридан бошлаб Багиратпура туманида кузатилган. Аҳоли қайт қилиш ва ичкетиш аломатлари билан шифохоналарга мурожаат қилган. Шаҳар раҳбарияти ҳозирча ўлимлар сони бўйича якуний маълумот берилмаганини, текширувлар давом этаётганини билдирди.
Текширув натижаларига кўра, ичимлик суви қувурида ёриқ аниқланган ва шу сабаб сув ифлосланган. Лаборатория таҳлиллари сув таркибида зарарли бактериялар борлигини тасдиқлади. Маълум бўлишича, қувур жойлашган ҳудудда санитария талабларига зид ҳолатлар мавжуд бўлган.
Ҳозирда шаҳар шифохоналарида юзлаб беморлар даволанмоқда, айримлари оғир аҳволда. Расмийлар аҳолига фақат тоза ва хавфсиз сувдан фойдаланишни тавсия қилмоқда. Ҳудудни қўшимча сув билан таъминлаш ва муаммони бартараф этиш бўйича чоралар кўрилмоқда.