Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги кескинлик юмшаяпти

Таиланд ва Камбоджа ўртасида тузилган сулҳ келишуви босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу ҳақида Хитой Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди. Пекин томонлар вазиятни кескинлаштирмасдан, тинч йўл билан ҳал этишга интилаётганини қайд этди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Лин Тсяннинг айтишича, ҳар икки давлат сулҳнинг тўлиқ ва узоқ муддатли бўлишини таъминлаши зарур. Хитой минтақада барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш тарафдори эканини билдирди.
Шунингдек, Таиланд 18 нафар аскарни Камбоджага қайтаргани маълум қилинди. Бу қадам томонлар ўртасида ишончни тиклаш ва келишувга содиқлик белгиси сифатида баҳоланмоқда.
Маълумот учун, Таиланд ва Камбоджа декабрь ойининг охирида иккинчи бор сулҳ келишувига эришган эди. Ушбу келишув бир неча ҳафта давом этган чегара тўқнашувларига барҳам бериб, минтақада вазиятни барқарорлаштиришга хизмат қилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!