Бибисора Ассаубаеванинг онаси нега Жавоҳир Синдоровга мухлислик қиляпти?

Бибисора Ассаубаеванинг онаси нега Жавоҳир Синдоровга мухлислик қиляпти?
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Бибисора Ассаубаеванинг онаси Лиана Танжарикова Жаҳон шахмат олимпиадасида Қозоғистон аёллар терма жамоасига, эркаклар баҳсларида эса Ўзбекистон терма жамоасига мухлислик қилмоқда.
  • У айниқса, Жавоҳир Синдоровнинг ёшлиги, улкан мақсадлари ва истеъдодини алоҳида таъкидлаб, унга чин дилдан мухлислик қилишини билдирган.

Самарқандда қизғин давом этаётган Жаҳон шахмат олимпиадасида нафақат шахматчилар, балки уларнинг яқинлари ва мухлислари ҳам ўз қўллаб-қувватлови билан эътибор марказида бўлмоқда. Қозоғистонлик таниқли шахматчи Бибисора Ассаубаеванинг онаси Лиана Танжарикова ҳам мусобақа давомида қайси терма жамоаларга ишқибозлик қилаётганини маълум қилди.

Танжарикованинг айтишича, у аёллар ўртасидаги баҳсларда ўз ватани Қозоғистон терма жамоасига, эркаклар мусобақасида эса Ўзбекистон миллий жамоасига мухлислик қилмоқда.

“Олимпиадада кимга мухлислик қиляпман? Мендан бу ҳақда тез-тез сўрашади ва жавобим оддий: иккала мамлакатга ҳам”, — деб ёзди Лиана Танжарикова ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

У аёллар жамоалари ўртасидаги баҳсларда, табиийки, Қозоғистон терма жамоасига алоҳида ишонч билдираётганини таъкидлади. Унинг фикрича, Бибисора Ассаубаева бошчилигидаги қозоғистонлик шахматчи қизлар мусобақада бор имкониятларини ишга солиб, мезбонлик қилаётган меҳмондўст юртда олтин медални қўлга киритиш учун курашиши керак.

“Аёллар жамоаларидан, албатта, Қозоғистонга! Қизларимиз Бибисора Ассаубаева билан биргаликда бор кучини ишга солиб, бу меҳмондўст заминда олтин медални қўлга киритиши керак”, — деди у.

Эркаклар ўртасида эса Танжарикова Ўзбекистон терма жамоасини қўллаб-қувватламоқда. У Ўзбекистон вакилларининг ёшлиги, катта мақсадларга эга экани ва юқори даражадаги истеъдодини алоҳида қайд этган.

Uch yosh yigit va qiz oq devor oldida suhbatlashmoqda.

“Эркаклар орасида эса Ўзбекистонга! Йигитлар жуда ёш, улкан мақсадларга эга ва ниҳоятда истеъдодли. Айниқса, Жавоҳир Синдоровга чин дилдан мухлислик қиляпман”, — дея таъкидлади Бибисора Ассаубаеванинг онаси.

Танжарикова Ўзбекистон терма жамоасига бўлган илиқ муносабатининг сабабини ҳам тушунтирди. Унинг айтишича, ўзи Қозоғистоннинг жанубий ҳудудида туғилган ва ўзбек маҳалласида улғайган. Шу боис у учун Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги бу спорт рақобати икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ва умумий байрам сифатида қабул қилинади.

“Ўзим Қозоғистон жанубида туғилиб, ўзбек маҳалласида катта бўлганман. Шунинг учун бу мен учун рақобат эмас, балки икки қардош халқнинг байрамидир”, — дея ёзган Танжарикова.

Маълумот учун, Қозоғистон аёллар терма жамоаси Жаҳон шахмат олимпиадаси стартиданоқ юқори натижаларни қайд этмоқда. Улар Иордания, Колумбия, Греция, Испания ва Озарбайжон каби жамоаларни мағлуб этиб, кетма-кет 6 та ғалабани қўлга киритган.

Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси ҳам мусобақада муваффақиятли иштирок этмоқда. Ўзбекистонлик шахматчилар 6-турдан сўнг 12 очко жамғариб, турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар