date

Эндиликда Украинада 14 ёшдан никоҳга рухсат берилиши мумкин

Эндиликда Украинада 14 ёшдан никоҳга рухсат берилиши мумкин

Украина Олий Радасида никоҳ ёшига доир ўзгаришларни кўзда тутувчи янги қонун лойиҳаси рўйхатга олинди. Ҳужжатга кўра, мамлакатда никоҳнинг асосий ёши 18 ёш бўлиб қолади, аммо айрим истисно вазиятларда 14 ёшдан бошлаб никоҳга рухсат бериш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Маълум қилинишича, ташаббус Фуқаролик кодексининг янги лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган бўлиб, унда “Никоҳ ҳуқуқи” моддасига тегишли тузатишлар киритиш режалаштирилган. Қонун лойиҳаси Олий Рада спикери Руслан Стефанчук илгари сурган ташаббуслар қаторига киради. Таклиф этилаётган нормаларга кўра, 14 ёшдаги шахс учун никоҳ фақат суд қароридан кейин ва фақат ҳомиладорлик ёки бола туғилиши каби истисно ҳолатларда мумкин бўлади. Шу билан бирга, 16 ёшдан никоҳга рухсат бериш амалиёти ҳам суд қарори орқали сақлаб қолиниши кўзда тутилмоқда.

Айни пайтда Украина қонунчилигида эркаклар ва аёллар учун никоҳнинг умумий минимал ёши 18 ёш этиб белгиланган. Қонун лойиҳаси ҳозирча ташаббус босқичида бўлиб, у парламент қўмиталари муҳокамаси ҳамда овоз бериш жараёнларидан ўтиши керак.

Мутахассислар ва жамоатчилик орасида бу масала юзасидан турлича фикрлар айтилмоқда: кимдир уни ижтимоий ҳимоя механизми сифатида кўрса, бошқалар эса эрта никоҳлар хавфи кучайиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Эндиликда Украинада 14 ёшдан никоҳга рухсат берилиши мумкин