Туркияда ғайриоддий воқеа: дарвозабон чағалайни қулатди (видео)

Туркияда футбол майдонида кутилмаган, бир вақтнинг ўзида таъсирли ва “инсончилик бор экан” дегизадиган воқеа содир бўлди. Истанбул ҳаваскорлар лигасининг финал учрашувида “Мевланакапи Гузелҳисар” ҳамда “Истанбул Юрдум Спор” жамоалари баҳс олиб бораётган пайтда 22-дақиқада ҳамма ўйинни унутиб қўйди.
Воқеа шундай бўлган: дарвозабон тўпни қаттиқ зарба билан олдинга тепади. Тўп майдон устидан баланд кўтарилган ҳолда учиб ўтаётган чағалайга тегиб кетади. Қуш бехосдан зарбани қабул қилиб, ўша заҳоти ҳушсиз ҳолда газонга қулаган.
Майдондаги футболчилар бир лаҳзага “нима бўлди ўзи?” дегандек қотиб қолган. Лекин жамоа сардори Ғани Катан вақт йўқлигини тушунди: у дарҳол қуш ёнига югуриб борди ва нафас олмай қолган жониворга ҳеч қандай иккиланишсиз юрак массажи қила бошлади.
Ҳамма учун ғайриоддий кўринган бу манзара финални бутунлай бошқа кайфиятга буриб юборди: рақобат, ҳисоб-китоб, тўп — ҳаммаси иккинчи ўринга тушди. Чунки ўша дақиқада майдонда “гол” эмас, ҳаёт муҳим эди.
Қисқаси, футбол баъзан фақат ўйин эмаслигини, инсонлик ҳам рингда — йўқ, майдонда бўлишини эслатиб қўяди. Энди мухлислар ҳам, футболчилар ҳам бу финални ҳисоб билан эмас, ана шу лаҳза билан эслаб қолиши аниқ.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!