Инсон ҳужайраларини ёшартириш бўйича тарихий клиник синов бошланди

Америкадаги Life Biosciences биотехнология компанияси тарихий қадам ташлаб, ER-100 номли препаратини инсонларда клиник синовдан ўтказиш учун рухсат олди. Бу препарат ҳужайраларни ёш ҳолатга қайтариш тизимини ишга солиб, замонавий тиббиётда бундай тажриба инсонларда биринчи марта ўтказилади.
Замонавий илмий тадқиқотлар кўрсатадики, кексайиш жараёнида асосий сабаб ДНК шикастланиши эмас, балки эпигенетик ўзгаришлардир. Бу эса генларнинг «фаол» ва «ўчирилган» ҳолатини қайта созлаш тизимидаги ўзгаришларнинг натижаси ҳисобланади. Вақт ўтиши билан бу ўзгаришлар йиғилиб, ҳужайраларнинг нормал фаолияти бузилади ва уларнинг тикланиш қобилияти пасаяди.
2006 йилда Синя Яманака тўртта ген — Oct4, Sox2, Klf4 ва c-Myc (OSKM) ни етилган ҳужайраларда қайта фаоллаштириш орқали уларни эмбрионга ўхшаш ҳолатга келтириш мумкинлигини кашф этди. Бу кашфиёт олимга Нобел мукофотини олиб келди. Кейинчалик Яманака омилларнинг фақат бир қисми фаоллаштирилса ва ҳужайранинг оқсил ишлаб чиқариши назорат қилинадиган бўлса, ҳужайрани тўлиқ илдиз ҳужайрага айлантирмасдан ёшартириш мумкинлигини исботлади. Бу усул «эпигенетик қайта дастурлаш» деб аталади.
c-Myc онкологик хавфни ошириш имконияти туфайли ҳозирда асосан OSK (Oct4, Sox2, Klf4) омилларидан фойдаланилади. Гарвард тиббиёт мактабида 2020 йилда ўтказилган тажрибаларда сичқонларнинг кўз тўр пардаси нейронларида OSK омиллари фаоллаштирилиб, ёш эпигенетик ҳолатни тиклаш мумкинлиги кўрсатилди. Натижада зарарланган нейрон шохчалари тикланди ва сичқонларнинг кўриш қобилияти сезиларли даражада яхшиланди.
Шу билимлар Life Biosciences томонидан ишлаб чиқилган ER-100 терапиясига асос бўлди. Бу ген терапияси кўз тўр пардаси ҳужайраларига OSK омилларини вақтинча фаоллаштириш орқали ҳужайрани ёшроқ ҳолатга қайтариб, фақат эпигенетик параметрларни тиклайди. Илгари бундай тажрибалар сичқонлар, приматлар ва лаборатория моделларида амалга оширилган эди.
Бу синов инсон саломатлиги ва кексайишга қарши самарали терапевтик имкониятлар очиб, келажакда биотехнология ва тиббиётда янги даврни бошлашини ваъда қилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!