12 ёшли қиз алангадан укаларини қаҳрамонларча қутқариб қолди

АҚШнинг Жоржия штатида 12 ёшли қизнинг жасорати кўплаб инсонларни ҳайратда қолдирди. У ёнаётган уй ичида қолиб кетган укаларини ўз ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда қутқариб чиқди. Бу ҳақда “Good News Network” нашри маълум қилди.
Маълум қилинишича, ёнғин Жонсонлар оиласи яқинда кўчиб ўтган икки қаватли хонадонда содир бўлган. Дастлаб олов гараж қисмида юзага келиб, қисқа вақт ичида биринчи қават бўйлаб тез тарқалган. Кучли тутун ва алангалар уй ичини қамраб ола бошлаган пайтда болалар ҳали хавфдан бехабар эди.
Мактабдан қайтаётган Мейси Жонсон автобус ойнасидан ўз уйидан чиқаётган тутунни кўриб қолади. Вазиятнинг жиддийлигини дарҳол англаган қиз бир зум ҳам иккиланмай уй томон югуради. У ичкарида қолган укаларини огоҳлантириш учун бор овози билан бақириб, уларни тезда ташқарига чиқишга ундайди.
Ўша пайтда укаларидан бири ҳаммомда бўлиб, содир бўлаётган ҳодисадан мутлақо бехабар эди, яна бири эса гараж устидаги хонада ухлаб ётган бўлган. Мейсининг қатъияти ва тезкор ҳаракати туфайли улар ўз вақтида уйғониб, хавфсиз жойга чиқишга муваффақ бўлишган.
Воқеа жойига тезда етиб келган ўт ўчирувчилар алангани бартараф этиб, ёнғиннинг янада кенгайиб кетишининг олдини олган. Шунга қарамай, уйга ва оиланинг айрим мулкига сезиларли зарар етган.
Энг муҳими, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Мутахассислар айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш устида ишламоқда.
Мейсининг жасорати эса кўпчилик томонидан ҳақиқий қаҳрамонлик сифатида баҳоланмоқда. Унинг тезкор қарори ва қўрқмасдан ҳаракат қилгани икки боланинг ҳаётини сақлаб қолди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!