“Толибон” смартфонларга қарши: айрим ҳудудларда қатъий тақиқ жорий этилди

Толибон етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охунзода гуруҳ аъзолари ҳамда ҳукумат ходимлари учун смартфонлардан фойдаланишни тақиқлаш бўйича янги оғзаки фармойиш бергани маълум бўлди.
Afghanistan International хабарига кўра, ушбу тақиқни бузган шахслар жиноятчи сифатида баҳоланиб, ҳарбий суд орқали жавобгарликка тортилиши мумкин. Буйруқ мамлакатнинг саккизта ҳудудида фаолият юритувчи ҳарбий суд раҳбарларига етказилган.
Ҳужжатда кўрсатилишича, масъулларга буйруқ ижросини қатъий назорат қилиш топширилган. Шу мақсадда махсус рўйхатлар тузилиб, унда ҳар бир ходимнинг шахсий маълумотлари — исми, лавозими, иш жойи, мобил оператори ва телефон рақами қайд этилиши белгиланган.
Бундан ташқари, раҳбарларга ўз қўл остидаги хизматчилар орасида ушбу тартибга риоя этилаётганини тасдиқлаш вазифаси юклатилган.
Маълумки, бундан аввал ҳам “Толибон” талабалар ва мадраса ўқувчиларига таълим масканларига телефон олиб киришни чеклаган эди. Сўнгги баёнотларда эса смартфонлар “мусулмонларнинг асосий душманларидан бири” сифатида талқин қилинмоқда.
Мутахассислар фикрича, бундай чоралар ахборот оқимини назорат қилиш ва ички тартибни кучайтиришга қаратилган бўлиши мумкин.





























Изоҳлар 0
…