Эрини сеҳр билан ўлдирмоқчи бўлган аёл иши судда шов-шув бўлди

Эрини сеҳр билан ўлдирмоқчи бўлган аёл иши судда шов-шув бўлди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида Оила ишлари бўйича судда кўпчилик эътиборини тортган ғаройиб иш кўриб чиқилди. Унда аёл томонидан эрига нисбатан сеҳр-жоду қилингани ҳақидаги даъволар асосида жуфтликнинг никоҳи бекор қилинди. Бу ҳақда “Oda TV” хабар берди.

Қайд этилишича, Истанбулда яшовчи З.Т. исмли эркак ва Н.Т. исмли аёл 2004 йилда турмуш қуришган. Уларнинг бу никоҳидан икки нафар фарзанд дунёга келган. Даъво материалларига кўра, бир куни З.Т. эрталаб уйғониб, хотини Н.Т.нинг қўлида қайчи билан сочини кесаётган ҳолатини кўриб қолган.

Эр ўз хотинидан бу ҳаракат сабабини сўраганда, у «Сен касал бўлиб вафот этишинг учун сенга сеҳр-жоду қилаяпман» деган жавобни бергани қайд этилган.

Бу ҳолатдан қаттиқ шокка тушган З.Т. ўша куни уйнинг барча бурчакларини текшириб чиққан ва натижада уйнинг турли жойларидан 5–6 та муҳрланган тумор топиб олган. У мазкур туморларни олиб яшириб қўйган ва ундан кейин хотинини кузатишни бошлаган.

Даъво аризасида қайд этилишича, эр хотинининг телефонида бошқа бир эркак билан ёзишмаларни кўриб қолган. Шунингдек, у аёлнинг ушбу эркак билан яширин учрашувларга борганини ҳам аниқлаган.

Хиёнат ва сеҳр-жодуга дуч келганини таъкидлаган З.Т. туморлар ва ёзишмаларни далил сифатида тақдим этиб, ажрашиш учун судга мурожаат қилган. У судга киритган аризасида қуйидагиларни билдирган:

“Хотиним менга хиёнат қилди. У доим менга сеҳр-жоду қилиб келган. Кун бўйи хуштори билан кўчада юради. Мунтазам спиртли ичимликлар истеъмол қилади, уй ва фарзандлар тарбияси билан шуғулланмайди. У менга ўлим сеҳри қилган. Шу боис мен Н.Т. билан ажрашишни талаб қиламан ва маънавий зарар учун 700 минг лира товон ундирилишини сўрайман”.

Ўз навбатида, Н.Т. эса барча айбловларни рад этган. Унинг айтишича, унга қўйилаётган сеҳр-жоду айбловлари асоссиз бўлиб, топилган туморлар оддий барака дуолари ҳисобланади.

Аёл судга тақдим этган қарши даъво аризасида эса эрини зиқналикда айблаган. Унинг таъкидлашича, эр доимий равишда унинг барча харажатлари учун чек ва ҳисобот талаб қилган.

“Бундай ҳаёт мен учун оғир бўлди. Оиламизнинг бузилишида асосий айбдор — эрим”, деган Н.Т. эрига нисбатан 200 минг лира товон пули ундиришни сўраган.

Суд жараёни давомида З.Т. тақдим этган туморлар махсус экспертга юборилган. Араб тили таржимони бўлган эксперт уларни ўқишга ҳаракат қилган, аммо матнни аниқ таржима қила олмагани учун масжид имомидан ёрдам сўралган.

Имом эса туморларда ҳақиқатан ҳам сеҳр-жоду мавжудлигини айтган. Унинг фикрича, агар бу матнлар қайта кўчириб ёзилса, жоду яна кучайиши мумкин.

Эксперт ҳам ўз хулосасида имом сўзларини келтириб, ушбу ёзувлар сеҳр-жоду эканини баён қилган ва уларни қайта ёзиш мумкин эмаслигини таъкидлаган.

Суд якунда ҳар икки томонни ҳам никоҳ муаммоларида масъул деб топиб, жуфтликни расман ажратиш ҳақида қарор чиқарган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар