Россиялик собиқ ҳарбийнинг Путинга шошилинч мурожаати тармоқларни ларзага келтирди!

Ижтимоий тармоқларда қисқа вақт ичида бир неча миллион марта кўрилган ва халқаро ОАВ эътиборини тортган даҳшатли видеомурожаат пайдо бўлди. Россия армиясининг «Судоплатов» номидаги кўнгиллилар баталони разведка бўлими собиқ командири, «Пустовалов» фамилияси билан ҳам танилган Александр Лунин тўғридан-тўғри Россия президенти Владимир Путинга кескин баёнот йўллади.
Бу ҳақда «Агентство. Новости» онлайн нашри ва «Дождь» телеканали хабар тарқатмоқда.
Армиядаги даҳшатлар: Қийноқлар ва ўлимга тенг буйруқлар
Лунин ўз мурожаатида Россия армияси ичидаги қўрқинчли тизим, командирларнинг ўзбошимчаликлари ва зўравонликлари ҳақида очиқ-ойдин гапирган. Унинг сўзларига кўра, фронтдаги россиялик ҳарбийлар иккита асосий сабабга кўра шафқатсиз қийноқлар ва босимларга учрамоқда:
«Бефойда ва ўз-ўзини ўлимга юборишга тенг буйруқлар»ни бажаришдан бош тортганда;
Командирларга ўз пул маблағларини (улашини) топширишни рад этганда.
«Қурол Кремлга қарши бурилиши мумкин!»
Мурожаатнинг энг шов-шувли ва таҳдидли қисми айнан президентга қаратилган кутилмаган огоҳлантириш бўлди. Собиқ командир вазият шу тарзда давом этса, оқибати даҳшатли бўлишини айтган:
«Агар яқин вақт ичида мен Кремлга бориб, сиз билан ёнма-ён тўғридан-тўғри эфирда чиқиш қилмасам, армия ўз қуролини Кремлга қарши буриши мумкин».
Лунин бошқа бир видеосида ҳам Путин билан шахсан учрашиб, унга «амалдорлар яшираётган ҳақиқий ҳақиқат»ни етказмоқчи эканини билдирган. Унинг таъкидлашича, гап нафақат уруш қатнашчилари, балки оддий фуқароларга нисбатан ҳам маҳаллий раҳбарлар томонидан йўл қўйилаётган мисли кўрилмаган ўзбошимчаликлар ҳақида кетмоқда.
«Фронтдан даҳшатли видеолар келмоқда...»
«Агентство» нашри журналистлари Луниннинг ўзи билан боғланишга муваффақ бўлишди. Суҳбат давомида собиқ ҳарбий фронтдаги танишлари ва оддий аскарлардан тинимсиз хабарлар олаётганини тасдиқлаган:
«Менга жуда кўп хабарлар, видеомурожаатлар юборишади. Уларни ижтимоий тармоқларга жойлаштиришга ҳам қўрқаман, чунки у ерда жуда даҳшатли ва аянчли кадрлар бор», — дейди собиқ командир.
Мурожаат ортида кимлар турибди? Сирли учрашув тафсилотлари
Луниннинг иддао қилишича, бу мурожаатни ёзишига фақатгина фронтдаги даҳшатлар эмас, балки кутилмаган бир махфий учрашув ҳам сабаб бўлган. Жорий йилнинг 24 июнь куни Воронеж вилоятининг Лизиновка қишлоғида унинг ёнига уч нафар сирли эркак келган.
Уларнинг бири Мудофаа вазирлигидан, иккинчиси Ички ишлар вазирлигидан (ИИВ), учинчиси эса Мудофаа вазирлигига алоқадор бошқа бир махсус хизматдан эканини айтишган. Луниннинг сўзларига кўра, айнан ўша расмий шахслар ундан ушбу видеони ёзишни ва президентга «агар вазият шу тарзда давом этса, ҳаммаси жуда ёмон оқибатларга олиб келиши» ҳақидаги сигнални етказишни талаб қилишган.
Ҳозирча Россия расмий раҳбарияти ва Мудофаа вазирлиги собиқ ҳарбийнинг ушбу оғир иддаолари, армиядаги қийноқлар ва кутилаётган исён хавфи ҳақидаги баёнотига ҳеч қандай муносабат билдирганича йўқ.































Изоҳлар 0
…