Олимлар хавотирда: дунё океанида ҳарорат рекорд даражада исиди

Дунё океанидаги сув ҳарорати яна тарихий рекордни янгилади. Мутахассислар фикрича, бу нафақат навбатдаги иқлим рекорди, балки глобал исиш жараёнлари янада кучайиб бораётганининг муҳим белгиларидан бири ҳисобланади.
Copernicus Marine Service маълумотларига кўра, жорий йил июнь ойида дунё океани юзасининг ўртача ҳарорати 21,0 даражага етди. Бу кўрсаткич 2023 ва 2024 йилларнинг шу даврида қайд этилган аввалги рекордлардан ҳам юқори бўлди.
Мутахассислар энг юқори ҳароратлар Тинч океанининг тропик ва субтропик ҳудудлари, Чили ва Калифорния қирғоқлари атрофи, Шимолий Атлантиканинг субтропик қисми ҳамда Европа ғарби соҳилларида кузатилганини маълум қилди.
Ҳисоботга кўра, 2026 йилнинг дастлабки олти ойида дунё океанининг ўртача ҳарорати 20,94 даражани ташкил этиб, кузатувлар тарихидаги иккинчи энг юқори натижа сифатида қайд этилди.
Ўрта Ер денгизида ҳам вазият диққатга сазовор. Январь–июнь ойларида сувнинг ўртача ҳарорати 18,07 даражага етди. Июнь ойида эса денгиз юзаси 24,3 даражагача қизиб, кўп йиллик кузатувлардаги энг юқори кўрсаткич қайд этилди.
Олимлар ҳисоб-китобларига кўра, йил бошидан бери иссиқлик тўлқинлари дунё океани юзасининг қарийб 82 фоизига таъсир ўтказган. Шу боис океанлардаги ўзгаришларни доимий ва юқори аниқликда кузатиб бориш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мутахассислар бу жараённинг асосий омилларидан бири сифатида Эл-Ниньо иқлим ҳодисасини кўрсатмоқда. У Тинч океанининг марказий ва шарқий қисмида сув ҳароратининг меъёрдан ортиқ исиши билан характерланади ҳамда бутун дунёда об-ҳаво тизимига таъсир кўрсатади.
Океанологларнинг таъкидлашича, океан Ердаги ортиқча иссиқлик энергиясининг асосий қисмини ўзига ютади. Шу сабабли сув ҳароратидаги ҳар қандай кескин ўзгариш глобал иқлимда кечаётган жараёнларнинг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади.






























Изоҳлар 0
…